Uncategorized

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топишнинг ўзига хос хусусиятлари

Бугунги кунда юртимизда оилаларни сақлаб қолиш ва уларни мустаҳкамлаш, вояга етмаган болалар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг камровли ишлар амалга оширилмоқда.

 Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”[ доирасида маънавий ахлоқий асослар ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни никоҳ ва оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилалардаги низоли вазиятлар ва ажримларнинг олдини олишга қаратилган ягона давлат сиёсати амалга оширилиб келинмоқда. Оила ва никоҳ муносабатлари ҳамда оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи миллий қадриятларга асосланган, халқаро ҳуқуқ нормалари ва талабларига жавоб берадиган қонунчилик базаси узлуксиз такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек,  қатор йилларнинг “Соғлом авлод йили”,“Оила йили”, “Мустаҳкам оила йили” деб аталиши ва бу йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар тарих зарварақларида муҳрланибгина қолмасдан, балки жамият ҳаётида ижобий самарасини кўрсатди.

Маълумки, никоҳ – оила вужудга келишининг бирдан-бир асоси. Никоҳ эркак ва аёл ўртасидаги ихтиёрий розилик ва тенгликка асосланиб тузилган эркин иттифоқ бўлиб, унинг мақсади оила қуриш, болаларни умуминсоний қадриятлар ва анъаналар асосида тарбия қилишдан иборат.

1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 217 А(III) Резоляцияси билан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” 16-моддасида белгиланганидек”, “Балоғат ёшига етган эркаклар ва аёллар ирқи, миллати ёки диний белгилари бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир хил ҳуқуқдан фойдаланади. Никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина никоҳ тузилиши мумкин. Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли”[.

Никоҳ тузишнинг муҳим шартларидан бири – никоҳланувчиларнинг ўзаро розилигидир. Никоҳни ўзаро розилик асосида тузиш шарти унинг эркин ва тенглик принципи асосида вужудга келишини таъминлаш билан бирга, оила барқарор ва мустаҳкам бўлишини ҳам таъминлайди. Никоҳ эркин тузилиши учун берилган розилик ҳақиқий бўлиши, у қўрқитиш, зўрлаш, алдаш ёки никоҳланувчиларнинг бири ёхуд ҳар иккисига руҳан таъсир қилмасдан олинган бўлиши шарт. Никоҳга киришда ўзаро розилик шартининг бузилиши нафақат никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилишига, балки бошқа ҳуқуқий оқибатларга ҳам олиб келади.

Бугунги кунда ўзаро розилик мавжуд бўлмасдан, бирон бир мақсадни кўзлаб, жумладан шахсий, моддий манфаатлар йўлида сохта тузилаётган никоҳлар кўпайиб бормоқда. Оиланинг асосий бўғини ҳисобланган оилани сақлаб қолиш мақсадида бундай сохта никоҳларга чек қўйиш учун никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш шартларини такомиллаштириш устувор тадқиқот йўналиши сирасига киради.

Чунки қонуний тузилган никоҳдан давлат манфаатдор бўлиб, ундан ажралиш жамият манфаатларига салбий таъсир кўрсатади. Оилада, оилавий муносабатлар қанчалик тўғри йўлга қўйилган бўлса, унинг шунчалик мустаҳкам бўлиши, бу ўз навбатида, жамиятни ҳам мустаҳкамланишига ўз таъсирини кўрсатиши амалиётда синовдан ўтган омиллардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда оила муқаддаслиги биринчи ўринга қўйилар экан бу борада никоҳ, уни тузиш тартиби ва шартлари, никоҳдан ажратиш, никоҳни тугатиш ва никоҳни ҳақиқий эмас деб топишнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ  вужудга келувчи муносабатлар ва уларни тартибга солиш ўзига хос ҳуқуқий аҳамият касб этади.

Шу сабабли ҳам Оила кодексига ушбу муносабатларни тартибга солишга қаратилган бир қатор нормалар киритилган. Никоҳ, уни тузиш тартиби ва шартлари, никоҳдан ажратиш,никоҳни тугатиш ва никоҳни ҳақиқий эмас деб топишга қаратилган нормалар нафақат Оила ҳуқуқи билан балки Фуқаролик ҳуқуқи ва бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасига мувофиқ, никоҳ тузиш ихтиёрий равишда амалга оширилиши лозим[.

Никоҳланувчиларнинг ўзаро розилиги никоҳ тузишнинг муҳим шартларидан бири. Никоҳнинг ўзаро розилик ва ихтиёрий асосда тузилиши, оиланинг барқарор ва мустаҳкам бўлишига имконият яратади. Эркак ва аёлнинг ўзаро розилиги билан никоҳ тузишнинг муҳимлиги ва аҳамияти БМТ Бош Ассамблеясининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да ҳам таъкидлаб ўтилган[.

Айтиш жоизки, никоҳ тузиш учун берилган розилик чинакам бўлиши керак. Бу розилик қўрқитиш, зўрлик, алдаш ёки руҳан таъсир этиш йўли билан мажбур қилиш орқали олиниши мумкин эмас. Зўрлик, қўрқитиш, алдаш натижасида тузилган никоҳ, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлади. Бу ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатни содир этган шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддасига мувофиқ, аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғрилаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш-базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди.

Жумладан, Оила кодексининг 49-моддасига кўра, никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади:

ушбу Кодекснинг 14—16-моддаларида белгиланган шартлар бузилганда;

сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;

никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса[.

Маълумки, никоҳ тузишнинг биринчи шарти, Оила Кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлигидир.  Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Никоҳ тузишнинг иккинчи шарти – бу никоҳ ёшидир. Оила кодексининг 15 моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз этиб белгиланган. Чунки бу ёшда эркак ва аёллар физиологик етилиб, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ўсиб, ота-она бўлиш қобилиятига эга бўладилар.

Шу ўринда айтиш жоизки, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш ҳамда никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Айрим фавқулод ҳолатларда никоҳ тузувчиларга никоҳ ёшини камайтирилишига рухсат берилади. Жумладан, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ, никоҳ тузишга баъзи ҳолатлар монелик қилади, яъни:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

Инсон соғлиғи унинг бугунги куни ва келажак авлодининг баркамоллиги жамиятимизнинг энг катта бойлигидир. Фуқароларнинг соғлигини сақлаш ва уни мустаҳкамлаш вазифасини давлат ўз зиммасига олган. Шу мақсадда, Оила кодексининг 17-моддасига кўра, никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек қонунда белгиланган алоҳида ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Бундай тиббий кўрикни ўтказишдан мақсад тиббий-ирсий касалликлардан келажак авлодни асраш, эр-хотинларни олдиндан огоҳлантириш, улар касалланишининг олдини олишдир. Текширув ўтган фуқаронинг тиббий ҳужжатларида ифодасини топган хулосалар тиббий сир сифатида сақланади. Текширув натижалари врачлик сири ҳисобланиб, никоҳдан ўтувчи иккинчи томонга фақат текширувдан ўтган шахснинг розилиги билан билдирилади.

Агар никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, бу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишини талаб қилиб судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Демак, Оила кодексининг 14-16-моддаларида белгиланган шартлар бузилган тақдирда, шунингдек сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ тузганда, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этганда никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишларни кўришнинг тартиби никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар ва уларнинг кўрилишининг процессуал тартибидан фарқ қилади.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Бундай муносабатлардан келиб чиқадиган талабларга нисбатан даъво муддати жорий қилинмайди. Бундай туркумдаги ишлар низоли ишлар бўлганлиги сабабли Оила кодексининг 40-моддаси ҳамда ФПКнинг 26-моддасига мувофиқ умумий даъво ишларини кўриш тартибида ҳал қилинади.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда суднинг вазифалари ҳам никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ишларни кўришдаги вазифалардан фарқ қилади. Бундай ишларни кўришда қонун судларга эр ва хотинни яраштириш ва оилани сақлаш мажбуриятини юкламайди, чунки давлат ҳам, жамият ҳам қонунни бузиб тузилган никоҳни ҳимоя қилмайди.

Никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ишларнинг кўришнинг процессуал хусусиятлари никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларга жорий қилинмайди.Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар никоҳдан ажралиш тўғрисидаги даъволардан: даъвонинг асослари, ишнинг предмети жиҳатидан ҳам, бундай даъволарни қаноатлантирадиган ҳал қилув қарорларининг ҳуқуқий оқибатлари жиҳатидан ҳам фарқ қилади.Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвонинг асослари Оила кодексининг 49-56-моддаларида кўрсатилган. Бундай даъволарнинг предмети никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб, яъни иш бўйича даъвогар ва жавобгар ўртасида ҳуқуқий муносабат (никоҳ)нинг бўлмаганлигини белгилаш тўғрисидаги талаб бўлади.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони қаноатлантириб чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори мазкур никоҳнинг қайд қилиниши факти-ҳуқуқий муносабатнинг (никоҳнинг) вужудга келтирилмаганлигини, эр ва хотин учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар туғдирмаганлигини тасдиқлайди. Аммо никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши Оила кодексининг 56-моддасининг 3-қисмига кўра бундай никоҳда бўлган даврда туғилган болаларнинг ҳуқуқларига таъсир этмайди. Ҳақиқий эмас деб топилган никоҳда бўлган шахслардан туғилган болалар билан тенг ҳуқуқга эга бўладилар.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъвони қаноатлантириш тўғрисида чиқарилган суднинг қарори ажралиш учун ҳуқуқнинг бўлишлигини тасдиқлайди. Суднинг бундай қарори ФҲДЁ органларида тегишли тартибда ҳисобга олингандан сўнг никоҳ тугатилган ҳисобланади.

Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топган бўлса ҳам, вужудга келадиган ҳуқуқий оқибат қанчалик салбий бўлмасин, ота-онага нисбатан туғилган фарзанднинг ҳуқуқи кейин ҳам давом этаверади ва у ҳар томонлама ҳимоя қилинади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамият тараққий этган сари никоҳни ҳақиқий эмас деб топишнинг ўзига хос хусусиятларини тартибга солувчи қонун нормалари янада такомиллашиб бораверади. Зеро қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ўз навбатида оила ва никоҳ муносабатларини тартибга солишга, келгусида оилавий низоларни камайишига дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Судьялар олий мактаби Фуқаролик ҳуқуқи йўналиши бўйича тингловчиси,

Тўраева Нилуфар Эсановна

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan