ИЛМ-ФАН

Сунъий тафаккур – таълим тизимида инновацион инқилоб

Сунъий тафаккур тизимларини айниқса таълим тизимига жорий этилиши мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади.

Сунъий тафаккур атамаси одатда инсонлар томонидан қабул қилинадиган қарорлар доирасидаги вазифаларни бажарадиган ҳамда унинг ёрдамида бошқариладиган тизимлар, замонавий таҳлиллар ва катта маълумотларга эга дастурларни ўз ичига олади. Сунъий тафаккур тизимлари ушбу билимлар захирасидан когнитив функцияларга яқин қарорлар қабул қилиш ва чора-тадбирлар белгилашда, шу жумладан соҳаларни ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилишда фойдаланилади.

Бугунги кунда жаҳон амалиётида Канада, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Финляндия, Япония, Хитой, Италия, Тунис, Буюк Британия, АҚШ, Швеция, Мексика, Европа Иттифоқи, Кения, Дания, Франция, Австралия, Корея Республикаси, Ҳиндистон ва Германия каби давлатлар сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияларини эълон қилган.

Сунъий тафаккур тизимларини айниқса таълим тизимига жорий этилиши мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади.

Жумладан, Россия Федерацияси 2021 йилдан 2024 йилга қадар “Сунъий тафаккур” модулларидан фойдаланишни мактабларда ўргатиш вазифаси белгиланган бўлса, Хитой мактабларида 2018 йилда синов тариқасида сунъий тафаккурга асосланган дарслар ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси таълим тизимига ҳам дастлабки сунъий тафаккур тизимлари Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги мактабларда жорий этилган “Ақлли мактаб” дастури орқали кириб келганлиги барчамиз учун қувонарли ҳолатдир.

Таъкидлаш лозимки сунъий тафаккур тизимлари асосида ишлаб чиқилган “Ақлли мактаб” дастурининг таълим тизимига жорий этилиши бир қанча афзалликларни беради:

Билим сифатини автоматик тарзда баҳолаш. Анъанавий шаклдаги (қоғоз шаклида) журналларга баҳоларни киритиш ва уларни таҳлил қилиш сезиларли даражада кўп вақтни олади. Ваҳоланки, ушбу вақтлардан ўқитувчилар ўқувчилар билан машғулотларга тайёргарлик кўриш ҳамда профессионал ривожланишлари устида ишлашлари мумкин. Сунъий тафаккур гарчи инсонлар томонидан баҳолашнинг ўрнини тўлиқ боса олмаса-да, сифат жиҳатидан унга яқинроқ бўла олади.

Сунъий тафаккур тизимларига асосланган “Ақлли мактаб” дастурий таъминоти ҳам мактабларда ўқитувчиларнинг вақтларини тежаш; қисқа фурсатда ўқувчилар, фанлар, мавзулар, синфлар кесимида таълимдаги бўшлиқларни аниқлаш; ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишларини таҳлил қилиб бориш ва бошқа бир қанча имкониятларни яратиб бермоқда.

Дастурнинг таҳлилий маълумотларга асосан аниқланган камчиликлари ўз вақтида бартараф этиб борилса, бу мактабларнинг таълим сифатини янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Унутилган маълумотларни ёдга солади.Инсон хотираси мукаммал эмас ва дастур ўқитувчилар, ота-оналарга ўқувчиларнинг таълимига оид маълумотларни эслатиб туради ва ҳатто дарсларда фаол иштирок этмаётган, ўзлаштириши пасайган ҳолатлар бўйича алоҳида огоҳлантиришлар беради.

Ўқувчиларнинг хулқ-атворини кузатиб бориш. Мазкур таҳлил ўқувчиларнинг маънавий, руҳий, ахлоқий жараёнларини ҳам билимларни ўзлаштириши билан бир вақтда кузатиб бориш имконини беради. Бунинг натижасида дастур ўқувчиларни нафақат ақлан ва жисмонан, балки маънавий камолотини ҳам шаклланиб боришига ўз ҳиссасини қўшади.

Ҳар бир ўқувчининг таълимига индивидуал тарзда эътибор. Таъкидлаш лозимки, бугунги кундаги анъанавий таълим услуби орқали таълимга барча ўқувчиларни ўзлаштириш аҳволини тўлиқ қамраб олишнинг имкони йўқ. «Аққли мактаб» дастури айнан ўқувчиларнинг ўзлаштириши жараёнида ҳосил бўлган бўшлиқларни, ўзлаштиришида мавзулар кесимида узилишларни, ўзлаштириш даражаси паст ўқувчилар ва фанлардан қобилиятли ўқувчиларни график ва бошқа кўринишларда чиқариб бериши орқали айнан қайси ўқувчи билан ва қайси мавзулар бўйича индивидуал тарзда шуғулланиш лозимлигини аниқлаб беради.

Бундан ташқари, сунъий тафаккурнинг таълимга аралашуви ўқитувчиларни ҳам ўзгаришга мажбур қилади. Жумладан, ўқитувчиларнинг “Ақлли мактаб” дастури билан ҳамкорлиги натижасида мактабларда ўқувчиларни тезкор, самарали ва яхшироқ ўқитишга кўмаклашади. Бу ўқитувчиларнинг ўз устиларида ишлашларига ва таълим бериш сифатини оширишларига олиб келади.

Хусусан, “Ақлли мактаб” дастури томонидан мактаб дарсликларидаги ўқитилаётган мавзуларнинг қийинлик даражасини аниқлаб бериши, ҳар бир новатор ўқитувчи учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу масаланинг қай даражада долзарблигини билдиради. Мавзунинг қийинлик даражасини аниқлаш орқали ўқитувчилар салоҳиятига ҳам баҳо бериш мумкин бўлади.

Умуман олганда сунъий тафаккур тизимларининг мактабларга жорий этилиши ўқитувчиларнинг кўплаб ишларини оптималлаштиради ва автоматлаштиради. Бу эса ўқитувчиларга ўзининг ўқувчилари билан ишлаш ва таълим сифатини ошириш учун кўпроқ вақт ажратишларига олиб келади. Пировард натижада таълим тизимининг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

          Хабибулла МАДАТОВ,

Урганч давлат университети ахборот

       технологиялари кафедраси мудири,

         физика-математика фанлари номзоди

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan