Аёл! Латофат, нафосат ва нозик хилқат соҳибаси. Жамиятимизда аёлга эҳтиром, унинг ардоғи неча асрларки аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда. Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки нозик калб эгалари билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Баҳорнинг илк байрами муносабати яъни «8-Март халкаро хотин- қизлар куни» муносабати билан Термиз шаҳридаги 15- умумий ўрта таьлим мактабида «Жаннатимсан онам» деб номланган маънавий – маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Уни мактаб директори Халқ таълими аълочиси Солижон Тошмуродов очиб, таълим масканида фаолият олиб бораётган устоз мураббийларни, ўқувчи қизларни баҳор ва гўзаллик байрами – 8 март айёми билан самимий муборакбод этди.
– Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, онадир, деди С. Тошмуродов.
Тадбир давомида ўқувчилар устозларига, оналарига баҳорни тараннум этувчи шеьрлар ва кўшиқлар куйлашиб, жозибали рақслар ижро этишди. Ташриф буюрган онажонларимиз иштирокларида ҳам турли хил қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди. «Балли кизлар» мусобақаси эса ҳаяжонларга бой бўлди. Бунда қизларимиз ўзларининг зукколикларини намойиш этиш орқали беллашдилар.

Кўтаринки руҳда ўтказилган тадбир якунида бир гуруҳ ўқувчи ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Давлатой Жалилова, Одил Эшболтаев, Термиз шаҳридаги 15- умумий ўрта таьлим мактаби ўқитувчилари