ҚИЗИҚАРЛИ Фойдали

Туш кўриш – оғриқли хотираларни унутишга ёрдам беради

Олимлар инсон мияси ухлаётган пайтда нохуш ва ё оғриқли ҳодисалар билан боғлиқ хотираларни қандай ҳазм қилишига ойдинлик киритиш учун янги тадқиқотлар ўтказишган.

Калифорния университети ҳайъати кўнгилларга ҳаяжонлантирадиган тасвирларни кўрсатишган. Тадқиқот иштирокчиларининг бир қисми ухлаб тургач, тасвирлар яна бир бор намойиш этилган.

Уйқу жараёнида ўтказилган тадқиқотлар пайтида миянинг ҳаяжонга боғлиқ қисми камроқ фаол бўлган, миянинг мантиқий фикрловчи қисмида эса, анчайин фаоллик кузатилган.

Аксар одамлар ўз ҳаётларининг маълум бир қисмида оғриқли ҳодисаларни бошларидан кечирадилар. Бундай ҳодисалар айримларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилади ва таъсир узоқ вақтгача уларни безовта қилиши мумкин.

Уйқу энг яхши даъвоми?

Уйқумизнинг 20 фоизида кўрадиган тушларимиз яқин орадаги хотираларимиз билан боғлиқлигига оид кўпгина далиллар бор.

Тадқиқотчилар айни жараённи яхшироқ англаш билан бир кун оғриқли воқеалардан қаттиқ таъсирланиш туфайли хасталикка чалинганларга ёрдам бериши мумкинлигига ишонадилар.

Олимлар янги тадқиқот учун 35 нафар кўнгиллини ёллашган ва уларни икки гуруҳга ажратганлар. Уларга атайин руҳни жунбушга келтиришга мўлжалланган 150та тасвир кўрсатилган. Кейин кўнгиллиларнинг ярми тун бўйи яхши дам олишларига изн берилган.

Мия ичкарисида қоннинг қайси қисмга қандай оқаётганини текшириш унинг қайси қисми фаол ишлаётганини аниқлаш учун яхши усул.

Кўнгиллиларга тасвирлар иккинчи марта ҳам кўрсатилган.

Текширувлар натижасида яхши ухлаб турганларнинг мияларидаги ҳаяжон билан боғлиқ нуқта суст ишлагани аниқланган. Фаоллик миянинг мантиқий фикрлаш билан боғлиқ қисмда кўпроқ бўлган.

Ухламаганлар таъсирли тасвирларни иккинчи бор кўрганларида кўпроқ ҳаяжонга тушганлар.

Олимлар уйқу пайти мияда кимёвий ўзгаришлар бўлишига ишонадилар.

Тадқиқотларга етакчилик қилган Доктор Маттю Волкернинг айтишича, нормал уйқу жараёнида мияда асабийлашув билан боғлиқ кимёвий модда ишлаб чиқариш кескин камаяр экан ва бунинг ортидан уйғонган одамдаги руҳий нотинчлик сокинлашади.

«Биз ўзимизни яхшироқ ҳис қиламиз ва уларни енга оламиз, деб ишонамиз», дейди у.

Яна бир руҳшунос Родерик Орнерга кўра, уйқу оғриқли хотираларни унутишга муҳим роль ўйнашига ишонилса-да, кўринишидан, айни руҳий оғриқлар туфайли азият чекувчиларга ёрдам бериш учун ҳали бошқа кўплаб омиллар устида иш олиб борилиши керак.

«Руҳлари қаттиқ шикаст олган беморларга буни биргина уйқу билан ўтказиб юбориш мушкул. Айниқса, фожеали ҳодиса инсоннинг кундалик ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган бўлса», дейди руҳшунос Родерик Орнер.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan