МУЛОҲАЗА

Энг афзал сукут

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асарида гўзал бир ривоят бор: «Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлиши билан минбарга чиқди ва халқ: «Ажабо, нима дер экан?» деб кутди. Бироқ Ҳазрати Усмон индамади. Ақалли бир сўз айтмади. Фақат боқди ва халқда шундай бир ҳол пайдо бўлдики, ҳеч кимда ташқарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол ҳосил бўлмаган, мўминлар бундай ҳол соясида ўзлари учун фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этишмаган эди. Усмон розияллоҳу анҳу йиғин тугагунича гапирмади. Фақат минбардан тушаётганида: «Сиз учун фаол иймон маҳмадона иймондан хайрлидир», деди. У ҳақ гапни айтди. Чунки сўз айтишдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни ўзгартирмоқ ва ҳоказо яхшиликлар қилмоқдир. Ҳолбуки, Ҳазрати Усмон лом-мим демасдан, гапирган вақтидагидан кўпроқ фойда келтирди».

 

«Кўҳна дунё ва ривоятлари» китобидан

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan