ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқини нечоғлик билиши, ҳуқуқий маданияти – адолат тарозисининг мувозанатини белгилайди

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига ўзи танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. Суд тизими давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаровонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир. Унинг келажак истиқболи ҳақида гапирганда шуни ёдда тутмоқ керакки, суднинг адолатлилиги судьяларнинг одиллиги билангина белгиланмайди, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқини нечоғлик билиши, ҳуқуқий маданияти – адолат тарозисининг мувозанатини белгилайди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида 2020 йил 3-февраль куни С.Ж. га нисбатан жиноят иши биринчи инстанцияда кўриб чиқилди. С.Ж. ўзига олдиндан таниш бўлган С.В. билан бирга ўзаро жиноий тил бириктиради. Мижоз сифатида жалб қилинган “Б” ва “Р” исмли шахсларга “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сотиб ўтказиш учун 2019 йил 7 январь куни ўзининг Сариосиё тумани МСО мавзесида тадбирга жалб қилади. “Б” исмли шахсга “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотиб ўтказиш мақсадида 400 минг сўм миқдоридаги пулларни олади. Ушбу 400.000 сўм миқдоридаги пулни Б. исмли шахсга таниши С.В. дан “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун бериб юборади…

Гиёҳвандлик бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандлик юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ҳаракатида.

Инсоният келажаги, миллатлар истиқболи, кишилар саломатлиги ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кундан-кунга кўплаб кишилар: ёшлар, аёллар ва болалар гиёҳвандликнинг ҳалокатли тўрига илинишмоқда. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилаларга, иқтисодга, одоб-ахлоққа – умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда.

Суднинг ҳукми билан С.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бугунги кунда гиёҳвандлик билан шуғулланаётганлар, наркотик моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар – барча-барчалари ҳаёт кемамизни ҳалокат боқоғига ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир.

Ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи даркор. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

В.Х.Норбеков,

Жиноят ишлари бўйича

Термиз шаҳар суди судьяси  

 

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan