STATISTIKA

Ўзбекистоннинг 7,5 миллион аҳолиси камбағалликдан чиқарилди

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишларни амалга оширилди, деди Ўзбекистон президенти Намангандаги халқаро форумдаги нутқида.

Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.

Энг мураккаб даврда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айлантирилди.

Давлатимиз раҳбари ўша пайтда бизда камбағаллик даражасини баҳолаш бўйича аниқ мезон ва методология йўқ бўлганини қайд этди. Жаҳон банки ва БМТ институтлари билан ҳамкорликда халқаро тажриба асосида камбағалликнинг миллий мезонлари ишлаб чиқилди.

Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.

Бундай натижага эришишда ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсгани, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Президент таъкидлашича, янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди.

Аввало, ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди.

Масалан, пандемия даврида 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 миллион 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилди.

Натижада 5 миллион 200 минг нафар одам «камбағаллик қопқони»га тушиб қолишдан ҳимоя қилинди ва шу билан бирга, иқтисодий рецессиянинг олди олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan