
Бойсун тумани Пасурхи маҳалласида яшовчи Анвар Собиров(исм фамилияси ўзгартирилган) оила қуриб айни 20 ёшида биринчи фарзанди дунё юзини кўрганида қувончи чексиз эди.
Орадан кўп вақт ўтмасидан айрим сабаблар билан ёш келин куёвнинг муносабатлари кескинлашиб, икки ойлик қизалоқ билан она ота уйига қайтишга мажбур бўлди.

Афсуски, фарзандидан хабар олмаган отадан суднинг ижро ҳужжатига асосан алимент ундириш белгиланди. Мажбурий ижро бюроси Бойсун туман бўлими давлат ижрочилари қарздор отани на уйидан на туман ҳудудидан топа олмаганлиги сабабли қидирув эълон қилинди.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида қарздор ота Термиз шаҳридаги юмшоқ мебель ясовчи устахоналарнинг биридан топилиб, фарзанди учун алимент тўлаб бериш мажбурияти тушунтирилди.

Ўрганишлар давомида қарздор ота жорий йилнинг январь ойидан август ойига қадар жами 11 миллион сўмга яқин алимент тўламаганлиги аниқланди ва унга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эр ва хотин судга таклиф қилинди.
Шундан сўнг, қарздор ота иши Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида тарафлар эса видеоконференсия орқали Термиз шаҳридан иштироки таъминланиб, кўриб чиқилди. Қарздор ота алимент қарздорлигини тўлашдан бош тортиб келганлиги сабабли, суднинг қарори билан қарздор отага нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Худди шу каби алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган икки нафар қарздор оталарнинг иши ҳам очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва уларга ҳам тегишли чоралар кўрилди.
Бахриддин Исмоилов,
Бюронинг Бойсун туман бўлими давлат ижрочиси.