ЖАМИЯТ

Тиббиёт ОТМларини давлат гранти асосида битирганлар 1 йилгача вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш борасида қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширади.

Соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини соддалаштириш мақсадида:

2 ҳафта муддатда қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойларини тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенсионерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар орасидан тўлиқ тўлдирилишини таъминлаш;

10 кун муддатда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан биргаликда тиббиёт муассасалари умумий клиник лабораторияларининг врач-лаборантларини вирусология лабораторияларида фаолият кўрсатиши учун тайёрлаш, шу жумладан амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил қилиш;

15 кун муддатда республикадаги олий таълим муассасаларининг «Биология» таълим йўналишини тугатган битирувчиларини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, Тошкент тиббиёт академияси ва унинг ҳудудий филиаллари, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларида вирусология лабораториясининг врач-лаборанти мутахассислиги бўйича бир ойлик қайта тайёрлаш курсларини йўлга қўйиш; (Натижада: биргина 2019-2020 ўқув йилида «Биология» таълим йўналишида 1 мингга яқин битирувчилар тамомлаган бўлиб, қисқа муддатли ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш орқали мавжуд кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиб, Республика бўйича мавжуд 16 та вирусология лабораторияларига кадрлар етиштириб берилади).

Коронавирус пандемиясини бартараф этиш бўйича эълон қилинган карантин тадбирлари якунига қадар барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчиларини 1 йилгача бўлган муддатга вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилиш. Бунда вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилинаётган мутахассислар учун уй-жой ва бошқа қулай шароитлар яратиш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;

10 кун муддатда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ҳудудий бўлинмаларининг тиббий ходимларини «валеолог» мутахассислигига қайта ихтисослаштириш бўйича бир ойлик қисқа муддатли онлайн курсларни ташкил қилиш; (натижада: валеология йўналиши бўйича қишлоқ врачлик пунктлари (817 та), оилавий поликлиникаларда (984 та) фаолият олиб борадиган ҳамширалар, психологлар ва ижтимоий ходимлар малакаси оширилади).

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan