АДАБИЁТ МУЛОҲАЗА

Истиғфор. Сен – Энг…

Берган  сабринг  билан  бугун   кўринмас  ёв  даҳшатидан    карахт   тортган   дунёга  боқиб,  қўрқма, Раббим  бор. Эртага  ҳаммаси  яхши  бўлади, у бизга  энг   сўлим,  забардаст  кунларни  юборади, қаддингни  кўтар, дунё, деб  айтгим  келади.

Ва  кўнглимда  ёдинг  билан  ўтқазган  ишқ  дарахти тилларимда  гуллайди:

 

Ҳали   олам   кутмаганди    қиёматни,

Ҳатто  номин  айтгим  келмас   бу  офатни.

Ё бу барча гунохларга  каффоратми?!

Айла ажрим, айла  ажрим,   айла  ажрим.

Офатлардан  бизни  халос  этгин,  Раббим.

 

Дард  чекмоқда  ҳарорати  баланд  дунё,

Эсдан  оғди  қанча  уммон,  қанча  дарё.

Гул  тергандай   жасад  терар марг  бенаво,

Тавба  ичра  қалқиб-қалқиб  борар  қалбим,

Она  ерга   шафқат  қилгин, улуғ  Раббим.

 

Деразадан  жовдирайди  гўдаклар  ҳам,

Шўхлик  тошиб  ўйингоҳни  қўмсаган дам,

Кўзларида   чўкиб  қолган  қандайдир  ғам,

Шу  бегуноҳ  гўдакларнинг ҳаққи,  Раббим,

Нажот  бер  деб, чўзаяпмиз  қўл  сенга  Карим…

 

Дард  теккандай  маъюс  тортган  гулгун  боғлар,

Одамларни  соғингандай  ўйчан  тоғлар.

“Ё  насиб”ни  айтсак, жонда  зўр титроқлар,

Чора  излар  не-не  олим, не-не  Ҳаким,

Ҳаммасидан  кучлисисан, буюк  Раббим.

 

Айтадилар  аввалгидай бўлмас энди,

Наҳот  мавжли  ҳаволарнинг  авжи  тинди.

Билолмайман  ким  бутуну   кимлар  синди,

Сен – меҳрибон, сен – нажоткор, сенсан  надим.

Бу  дунёни  аввалгидай  яйрат, Раббим.

 

Шубҳам бордир,  сендан  эмас  келган  бало,

О, одамзод  ақли  баъзан  мудҳиш,  қаро.

Қанча-қанча  кашфиётлар  энди  хато,

Тавба  қилдик, тавба  қилдик  фарёд  билан,

Раббим, бизни  яраштиргин,  ҳаёт  билан.

 

Кўнглимизни   суйдиргайсан  ҳаловатга,

Эснаб  ётган  кўча  тўлар  тароватга.

Ишонаман, сендан  келгич  ижобатга –

Сабримизга  бергил яна  сабот,  Раббим,

Карахт  тортган  бу  дунёни  уйғот,  Раббим.

 

Сезаяпман, нафасингда  гул  ҳиди  бор,

Сен  ясатган  оламда  умид  диди  бор.

Келаётган  кунларда  кўнгил  ийди  бор

Ер  юзини  қуёш   билан  безат,  Раббим,

Одамзодга  нажот  қўлинг  узат,  Раббим.

 

Ҳалима АҲМЕДОВА,

шоира

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan