МУЛОҲАЗА

“Хонимлар” мактабига эҳтиёж бор

Юртимизда фақат қизлар таълим-тарбия оладиган, уларга хос иш услуби ёки маданий-маиший соҳалар ўргатиладиган бирор мактаб мавжуд эмас. Баъзи спортга ихтисослаштирилган мактабларда эса фақатгина ўғил болалар таҳсил олади.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини кузатдик. “Ҳақиқий таълим классикаси” дея таърифланган Буюк Британия таълим тизимида қизлар ва ўғил болалар алоҳида ўқитилганда юқорироқ натижага эришиларкан.

Хотин-қизлар таълим-тарбия оладиган дастлабки мактаблар эса ХIХ асрда очила бошланган. Бугунги кунда қизлар учун энг яхши мактаблар қаторига AҚШ, Швейтсария, Буюк Британия ва Канададаги мактабларни киритиш мумкин. Табиий савол туғилади: қизлар учун махсус мактаблар бошқа умумий мактаблардан қандай фарқ қилади? Чет давлатларда очилган бундай мактабларнинг обрўси оддий мактабларга қараганда юқори. Бундай мактабларда вақтдан унумли фойдаланилади, ўқувчилар эса ўз имкониятларини тўла очиб бера оладиган аниқ фанлар устида кўпроқ ишлашади. Маълумки, ўғил ва қиз болаларнинг маълумотларни қабул қилиши турлича. Қизлар маълумотни куннинг биринчи ярмида, ўғил болалар эса иккинчи ярмида яхшироқ қабул қилади. Aлоҳида ўқитишнинг яна бир муҳим жиҳати — қизлар ўзларининг ташқи кўриниши ва қарши жинсга ёқиш учун куч, вақт, асабларини сарфламайди. Aксинча, вақт ва эътиборини ўқишга қаратади.

Қизлар учун махсус мактабларда нималар ўргатилади? Бундай мактабларда ўрта таълим дастури, чет тили ўқитилади ва олий ўқув юртига тайёргарлик кўрилади. Қатъий тартиб ва интизом бор. Хусусий мактабларда ўқийдиган қизларга илм-фандан ташқари юриш-туриш, овқатланиш, гапириш одоби ўргатилади. Қисқаси, ҳақиқий “хоним” бўлиб етишишади. Бундай мактаб ўқувчилари спорт мусобақаларида ҳам юқори натижаларга эришибгина қолмай, нуфузли олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи ҳам юқори бўлади. Бу мактаблар қизларимизнинг илмга, меҳнатга интилишларини тўлиқ қамраб олади. Муҳими, қизлар мактабларининг очилиши қизалоқларни болаликдан ҳаётга тайёрлашга, Увайсий-у Бибихонимлар авлоди эканини англатишга туртки бўлса ажабмас.

 

Раъно ҚAМAРОВA,

 ўқитувчи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan