ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА ЎЗБЕКИСТОН

Мактаб таълими замон талабини қондирадими ёхуд бойлик деб бой берилаётган тарбия!

Бугун қайси давраларда бўлманг, суҳбат пировардида ёшлар тарбияси, мактабдаги таълим ҳақида кетади.

Рақамли иқтисод ва мос равишда рақамли авлод вакилларини мактабда ўқитмоқдамиз. Бундай шароитда очиғини айтганда, биргина мактаб таълимининг ўзи замон талабини қондирмайди. Интернет ривожланган бир шароитда мактабдан кейинги таълим мактаб таълимини тўлдиради. Иложи борича, мустақил таълим болани жамиятга тайёрлайди. On-line таълим, масофавий таълим бундан буён ривожланаверади – бу биринчидан. Иккинчидан, ҳозир мулк шакли ўзгарди. Бинобарин, таълимни пуллик шакли, хусусий мактаб, олий ўқув юртлари ҳаётимизга кириб келаверади.

Илмий адабиётлардан матбуотга кўчган – «кумуш қошиқ синдроми» атамаси ҳам бор. Бизда уни эркатой бола дейдилар. Катта бўлгач, ота-онанинг сочини оқартираётган, қаро ерга муддатидан беш кун аввал равона қилаётган фарзандлар йўқ эмасми,орамизда?! Бор. Биз бойлик билан таълимнинг маъносига ҳали тўла тушуниб етмадик. Бой оила фарзандлари ўзларига яратилаётган шароитларни ҳақиқий таълимга йўналтиришлари лозим. Тарихга назар ташласак, Амир Темур бобомизнинг авлодлари бойликларига маҳлиё бўлмай, зурриётларининг ҳаммасини илмли қилди. Уларни қаттиқ қўл устозларга топширди.

Натижада темурийлардан бирорта илмсиз авлод чиқмади. Насл тенгсиз илм билан зийнатланди. Ҳам дунёвий, ҳам диний илм пешқадамлари, давлат раҳбарлари етишди. Улар бойликка эмас, асосан илмга эътибор қаратди. Бундан ташқари, тантиқ, пах-пахлаб ўстирилган болалар жиддий мақсадларни белгилаш ва уларга эришишга қодир эмас. Улар «оилавий иш» билан қизиқишмайди, миннатдорлик ҳиссидан бегона, совуқ, бефарқ, ношоиста ахлоқ ва депрессияга мойил. Ота-оналари катта орзу-ҳаваслар билан оилали қилиб қўйсалар ҳам, ташвиш кетига ташвиш келтираверадилар. Аксарият ҳолатларда оилавий ажралишлар ҳам нотўғри тарбиянинг натижаси деб биламан.

Болага сўраган нарсасининг барини дарҳол беришга тайёрмиз. Унга ҳеч нимани рад этмаймиз – у «йўқ, ҳозир олиб беролмайман, кейинги сафар» деган сўзларни билмайди. Биз нафақат унинг барча истакларини қондирамиз, балки уларни айтмасидан олдин муҳайё қилишга ҳаракат қиламиз: бола эртакдаги «кўза ичидаги жин» ҳақида орзу қилиши ҳам шарт эмас – у истагини айтиб улгурмасидан бари амалга ошади.

Илгари одамларнинг маоши чегараланган, ўзига тўқ одамлар ҳам боласига бошқачароқ неъматларни олиб беришга истиҳола қилишар эди. Иложи борича мақтаниш, башанг кийинтириш, болани қўлига дасталаб пул бериш, мактабнинг эшигини тагигача машиналарда олиб бориб қўймоқдамиз. Олий ўқув юртлари олдида талабаларнинг автомобилларига қўйишга жой йўқ. Талабанинг фикри-хаёли қимматбаҳо автомобилда бўлгандан кейин унинг маърузаларга эътибори бўлинади. Менимча, талабалик олтин даврнинг асосий қисмини мутахассисликка бахшида этишни ўйлаш керак.

Талаба фарзандга автомобиль олиб бериш ҳар кимни ўз хоҳиши, аммо мен ўз тажрибаларимдан шуни айтмоқчиманки, талабалик вақтида озгина сунъий етишмовчиликлар бўлиб турса, фойдали. Жаҳон миқёсидаги миллиардерлар ҳам гарчанд қўллари ҳар нарсага етса ҳам, фарзандларига маъмурчиликни раво кўрмайдилар. Ақлли меросхўрни тарбиялайдилар. Иккита дафтарни қўлтиқлаб, номига бориб-келиб юрган йигитлар ҳам бисёр. Натижа-чи? Истаган нарсасига эришишга одатланган болалар хафа бўлиш нима эканини билмайди, меросни ҳам кўкка совуради, кутиш ва сабр, орзу, мақсадлар белгилаш, режалаштириш, истаган нарсасига эришиш учун ҳаракат қилиш, эришганларни қадрлаш каби ҳислар унга бегона. Охир-оқибат тўйиш ҳисси пайдо бўлади – ёшлар ҳеч нарсани истамай қолади.

Бу ҳол мактабдан бошланиб, токи олий ўқув юртларигача бораяпти. Зерикиш, бефарқлик, депрессия ана шундан келиб чиқяпти. Бугун болага она сути оғзидан кетмасдан кўпроқ маблағ киритиш ва тезроқ натижа олиш керак бўлган инвестицион лойиҳа сифатида қабул қилинмоқда. «Инвестициялар» деярли йўргакдан бошланади: ривожлантириш машғулотлари, тўгараклар, спорт ва ижодий машқлар. Ундан кейин мактаб қўшилади, бироқ қўшимча машғулотлар сони камаймайди, аксинча, кўпайиб боради. Болани бола бўлиб ўйнашига вақт йўқ. Болалигини ўғирлаб қўймаяпмизми? Ўз она тилидаги керакли сўзларни билмасдан туриб хорижий тилларни қалаштириб ташламоқдамиз. Араб, инглиз, корес тилларини бирданига бергимиз келади. Фарзандимизни барча янги ва обрўли, болалигимизда орзу қилган нарсаларга ўргатгимиз келади. Натижада бола қатъий жадвал бўйича яшайди. Унинг ҳар бир дақиқаси ҳисобли. Кун бўйи у машғулотдан бу машғулотга ташилади.

Унинг учун биз режа тузамиз. Акс ҳолда, улгурмайди. У эса бўйсунишга мажбур. У ташқи бошқарувга кўникади. Ўртоқлари билан кам ўйнайди. Бундай болалар одамови, худбин бўлиб қолади. Ўз-ўзини ташкиллаштиришга қодир эмас. Етакчиликни эса айтмаса ҳам бўлади. Кўчада ва атрофдаги болалар билан ўйнамагач, у доимий равишда ёрдам ва устозга муҳтож. Унда орзулари, ижодкорлигини ривожлантириш учун дастлаб вақт, кейин эса хоҳиш бўлмайди. Доимий «керак» ва «шарт»лар ҳар қандай ижодий илҳомни сўндиради. Ўсмирлик даврига келиб, бола ўзининг «чегараси»га етиб келади. Ижтимоий тармоқларга кириб телефон билан кун бўйи мулоқотда бўлиб, вертуаллашиб, болага дунё айш-ишрат ҳамма нарса тайёрдек кўринаверади.

Доимий равишда бандмиз, моддий нарсалар ортидан қувамиз, фарзандларимизга вақтимиз йўқ. Дунё бойларидан бири Стив Жобс ўлими олдидан васият қолдириб, асосий эътиборни киши ўз оиласига қаратиш кераклигини айтиб армон қилганда юз фоиз ҳақ эди. Бойлик деб тарбияни бой бермаяпмизми? Фарзандлар билан воситалар ёрдамида мулоқот қилишга ҳаракат қиламиз: ҳис-туйғуларимиз, эътиборимиз ўрнига совғалар берамиз, кўнглига қараяпмиз Фарзанд тобора улғая боради, у билан бирга бадал ҳажми ҳам ортиб боради – ўйинчоқлардан тортиб, қимматбаҳо тақинчоқлар, автомобилларгача, ҳатто уй-жой, оила қурмоқчи бўлса ҳашаматли жиҳозлар. Унга ҳис-туйғулар, ота-онанинг ҳаётидаги иштироки, илиқлиги етишмайди. У ҳис-туйғуларини намоён этиш, севиш ва дўст бўлишни билмайди – унга буни ўргатадиганлар бўлмаган. Натижада атрофдагилар, жумладан, ота-онаси билан муносабатларда фойдани кўзлаб иш тутиш етакчи омилга айланади. Бундай фарзандлар совуқ, бефарқ, худбин бўлиб улғаяди. Кўпинча ота-онаси не ҳасратда жамлаган бойлигини ҳам кўкка совуради. Бундай ҳодисалар ҳаётда учрамоқда.

Агар биз катталар чегараларни белгиламасак, болалар уларни ушлаб кўришга ҳаракат қилишади. Бу эса кўп ҳолларда ачинарли оқибатларни келтириб чиқаради. Бу гап ахборот оламига ҳам тегишли. Дунё ўсмирлари билан бўлаётган мудҳиш воқеалар чегаралар қўйишга мажбур қилмоқда.

Болага барча нарсалар ва одамлар, жумладан, ота-онасидан ҳам дам олиш учун вақт бериш керак. Бу вақтда у ўзи истаган машғулоти билан шуғулланади. Ўйнаб, зерикиб, орзу қилиб, тажриба ўтказиб, у ўзини излайди, қарорлар қабул қилиш, вақти ва ҳаётини бошқаришни ўрганади. Унда қизиқишларни излаб топиш, бемалол фикрлаш, тажрибага эга бўлиш, дўстлар орттириш ва дунёга ўз кўзлари билан боқиш имкони пайдо бўлади. Уни бўлар-бўлмасга ҳадеб тергайвериш ҳам яхши эмас. Пул ёки пластикларингизни ишониб топширинг, бозор- ўчар қилсин, аммо назорат қилинг, ўргатинг.

Болани муҳаббат билан қуршаб олиш керак ва унинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслик лозим. Унинг учун ота-онаси уни характери, ахлоқи, баҳолари, фахрий ёрлиқлари, спортда эришган ютуқлари учун эмас, айнан сизнинг фарзандингиз экани учун, қандай бор бўлса, шундайлигича яхши кўришингизни билиш муҳим. У билан яхши нарсалар содир бўлганида биргаликда қувонишимиз, ёмон бўлганида, биргаликда хафа бўлишимиз лозим. У бизнинг унга қадрдон эканимиз, доим ёнида бўлишимизни ҳис қилиши лозим. Қариндош-уруғникига олиб боринг, уруғ-аймоғини танисин. У билан катталардек муносабатда бўлинг.

Бугун биз болалар бетоқат, сабрсиз деб кўп айтмоқдамиз. Аслида бунинг таг- замирини ўзимиздан қидиришимиз даркор. Болани оғир-босиқ қиладиган онанинг жонли алласи унутилгани рост, бир ёшга етар-етмас телефондаги ўйинларга мубтало, унинг қаршисида кечаю-кундуз телевизор ёниқ, жажжи қулоқларининг остида баланд мусиқалар тинмайди. Хархаша, бетоқатлик ёшликдан болани сабрсизликка олиб келади. Жажжи тана зўриқишлар гирдобида қолмоқда. Мен яна бир масала ҳақида роса мулоҳаза қилдим. Очиғи, андишага ҳам бордим. Чунки ким боласини қандай боқади, бу унинг шахсий иши. Аммо биз болалар билан ишлаётиб сўнгги вақтларда ёш болаларда ортиқча вазнлар кўпайиб бораётганлигидан кўз юма олмаймиз. Агар ота-она ўз боласига тўғри овқатлантириш маданиятини ўргатса, газли сувлар, хом тезпишар овқатлар учун пул бермаса, оилавий спорт билан машғул бўлиб, уйидаги ошхонадан экологик тоза овқатларни истеъмол қилса, болалар ортиқча вазнга эга бўлмас эдилар. Бу қоидани ҳам ота-оналар қаттиқ назоратга олиши лозим.

Биз шундай болани тарбиялайликки, у катта бўлгач, ҳамманинг кўзи боланинг тарбиясидан яшнасин, миллатнинг кўзгуси бўлсин. Худбинлик, боқимандалик, ватангадолик, жиноятга мойиллик, билимсизлик каби ёт нарсалар ундан нари бўлсин.

Бахтиёр Каримов,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan