STATISTIKA

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ўсишни давом эттирмоқда — ИТИМ таҳлили

2025 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига кўра, уй-жой сотувлари 10,6 фоизга ошиб, 136,5 минг хонадонни ташкил этди.

Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида маълум қилинди.

Июнь ойи якунига кўра 21 мингта олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга ошди.

Ҳудудий динамика

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудларда кўчмас мулк бозорида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Олди-сотди шартномаларида энг юқори ўсиш Жиззах (29,9 фоиз), Навоий (18,3 фоиз) ва Сурхондарё (17,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида битимлар ҳажми бироз камайгани (2,6 фоиз) кузатилди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Июнь ойида иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ўсиш 1,8 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида, июнь ойида Жиззах вилоятида уй-жой нархлари бироз пасайганига (-1,3 фоиз) қарамасдан, йиллик ўсиш суръати бўйича етакчилик қилмоқда (11,7 фоиз). Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижобий динамика Сурхондарё (10,9 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (9,3 фоиз), Хоразм (7,3 фоиз) ва Наманган (7,1 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 фоизга пасайиб, янги қурилган уйлар нархлари эса бироз камайди (1,6 фоиз).

Ўтган йилнинг июнь ойидан пойтахтдаги иккиламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Мирзо-Улуғбек (-7,6 фоиз), Яшнобод (-7,3 фоиз) ва Чилонзор (-6,9 фоиз) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Учтепа (-9,7 фоиз), Юнусобод (-8,8 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-7,7 фоиз) туманларида қайд этилди.

Тошкентда уй-жой ижара бозори таҳлили

Июнь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари барқарорлиги кузатилди. Ўртача ижара нархи ўтган ойдаги кўрсаткични сақлаб қолди ва бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 долларни ташкил этди.

Йиллик ҳисобда ўртача ижара нархлари 2,6%га пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan