АДАБИЁТ МУЛОҲАЗА

Истиғфор. Сен – Энг…

Қайси  кунидир  сулувлашгандан  сулувлашдим. Олма  гулининг  хаёли  хаёлимни  ўғирлади. Кўнглимдаги дарё тошди. Негадир  бу  дарёнинг  суви  лойқа  эди… Ўн   саккиз  минг олам  манда, – дедиму севдим. Билмай, нафснинг  кир  соясига  ишқ  деб  исм қўйдим.  Унинг қадамларига  жонимни  тўшадим, гуриллаб  ёнаётган  гулханни  ялангоёк  кечдим, номимдан, жисмимдан, умримдан  кечдим,  ўзимча  ишқ деб  ном  берган ўша  соя  учун…  Дўзахий  алангада  куйдим – тирилдим, тирилдим  ва  яна  куйдим. Севги  аталган  соя  эса  кун  сайин  саробга  қовушиб  бораверди. Бир  куни  дунёнинг  моғорлаган  кунжагида  уйғониб  кетдим. Бор будини   ўғри   талаб  кетган  уйдай  бўм-бўш эдим.  Саҳронинг  ўртасида қибласини  йўқотган  художўй  каби  карахт  ва бенаво  эдим… Йўлимни  тўсиб  чиққан  қизил  тиканлар  ёлворди:

–  Бизни   босиб  ўтгин, ҳушёр  тортасан…

Кўзимда  қайнайвериб пишган, пишиб гулобга  айланган  кўз ёшим  секин шивирлади:

–  Мени  ич, ўзингга   келасан…

Сароб  сари  борган  оташнок  йўллардан   ортимга  қайтдим, азоб, изтироб  тиконларини  битта-битта  босиб,  кўз  ёшимни  ичиб  ўзимга   қайтдим. Зотан  қайтишимда  сенинг  ёрлик   мақомидаги  ҳукминг  бор  эди. Бу  ҳукм –  Ишқ  эди.

***

Тонмайман, қуёшли  кунларим  кўп  бўлди, Дўстларим эса  қуёшли  кунларимдан ҳам  кўпроқ эди.  Улар тўрт томонимни қуюндай ўраб  олган  эди.  Бу  айлана   қуюннинг сохта жилваси менга  садоқат  ҳалқаси  бўлиб  туюлди  ва  кўнглим   хазинасини  уларга   кўз-кўз  этдим.  Дўстларим  эса  мени  шу   хазина   ҳаққи  биргалашиб туҳмат  гирдобига  улоқтиришди. Қанча  йиллар, қанча  фасллар  ўтсада,  бу  гирдобдан  чиқолмадим  ва  тинимсиз сўнгги  нафас  билан  дўст,  деб  ҳайқирдим. Ёдимда, тонгнинг нафис   қўллари  билан  сен  мени  ўша  машъум  гирдобдан  тортиб  олдинг. Гирдобдан  чиқдиму,  атрофга    кўзларимни  катта-катта  очиб  қарадим. Борлиқда  фақат  сен  бор  эдинг,  назаримда…

Қилган   хатоларим, гуноҳларим  жисмимни  қоғоздай  ғижимлаб  беморлик  тўшагига  ирғитган  дамларда  ётган  жойимдан  осмонга  тикилдим. Осмон  кўзларимга  сиғмай  тошиб юзларимга сув   бўлиб   оқаверди.  Ҳаёт  дарахтидан  узилишга  шай япроқдай титраётган  жисму  жонимнинг  талвасаси  ҳамширани  қўрқитди:

– Опа,  қариндош- уруғларингиз  ёки  яқин  одамингиз  борми?

Дарднинг  зўридан  ёрилган  лабларимдан  қон  сизиб  чиқди:

– Худойим  бор…

Мен афгорни яна қўлладинг, руҳимга беқиёс баҳорларни юбординг, умидни юбординг. Олча гулларининг тилида шукрона айтишни ўргатдинг.

Ҳалима АҲМЕДОВА,

шоира

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan