ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА ЎЗБЕКИСТОН

Янгича тадбирда эскича манзара ёхуд “Ҳоким ва ёшлар” учрашувидаги “муҳим” бадиий чиқишлар

Бугун, 13 июнь соат 08:00 да онлайн мулоқот кўринишида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Мулоқотда вилоят ҳокими таклиф ва мурожаатларни эшитиши ва шу орқали йигит қизларимизга етарлича шарт-шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидлаб, туманлар кесимида навбат билан ёшларга сўз берди.
Жарқўрғон тумани ёшлари бошлаб берган “мурожаат” мос равишда Бандихон ва Бойсун туманлари “фаол” ёшлари томонидан такрорланган бадиий чиқишлар мулоқотни тантанага айлантириб юборди. Қўшиқ куйлаб, соз чалиб мурожаат йўллашди, азамат ёшларимиз.
Ҳокимнинг “таклиф ва шикоятларингизни айтинг” мазмунидаги чақириғига қарамасдан, юқоридаги каби баландпарвоз чиқишлар мулоқот якунигача давом эттирилди. Бугунги кун учун шу қадар муҳим бўлган масалалар ўрнига “очнинг қорнини тўйдирмайдиган”, ишсиз ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга деярли фойда бермайдиган қанақадир кўрсатувлар-у, газеталар ташкил этиш таклифлари билдирилди.
Ваҳоланки, пандемия шароитида, муаммо кўпайса кўпайган, аммо камаймаган. Ташвишларимиз ошиб-тошиб турган бир вақтда билдирилган бу сингари “таги йўқ” таклифлар газакка дори бўлармикан?!
Нега, ҳоким эшитаман деб турганда, гапирмаймиз? Қачонгача бундай учрашувларда ҳамма чиқишлар “ташкиллаштирилади”?

1 COMMENTS

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan