Сенат Конституциявий суди судьялари, Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари, Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари, унинг аъзоларини сайлаш каби конституциявий ваколатлари фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланиб қолмоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Сенат томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳамда ушбу лойиҳа бўйича вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан берилган таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини қарор топтириш, одил судловга эришиш борасида ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари, унинг аъзоларини сайлаш каби конституциявий ваколатлари фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланиб қолмоқда.
Парламент юқори палатаси қўмиталарида номзодларнинг фаолияти билан танишиш ва унга баҳо бериш, номзодлар ҳақида хулоса билдириш амалиётини йўлга қўйиш зарурати юзага келмоқда.
Шу боис мазкур лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суд судьялигига, Судьялар олий кенгаши аъзолигига номзодларнинг фаолияти билан танишиш ва унга баҳо бериш, улар ҳақида хулоса билдириш амалиётини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Муҳокама натижасида билдирилган таклиф ва тавсиялар лойиҳани янада такомиллаштириш учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.