ЖАМИЯТ

Зарарли чигирткаларнинг 403,3 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланди 

Юртимизнинг ҳар бир вилоятида зарарли чигирткаларга қарши кураш хизматлари мавжуд. Кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш учун 152 та трактор ОВХ пуркагичлари, 301 та моторли қўл пуркагичлари, 35 та автомашинага ўрнатилган УМО пуркагичлари, 7 та мотодельтаплан, 1 та газ-66-01 ўрнатилган FM-40 пуркагичи, 2 та трициклга ўрнатилган шлангли пуркагич, 55 та водовоз ва 653 нафар ишчи жалб этилган.

Айни вақтда зарарли чигирткаларнинг 403,3 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 382 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди, жумладан, Қашқадарё вилоятида 94 минг гектарда, Сурхондарёда 84 минг гектар, Жиззахда 88 минг гектар, Қорақалпоғистон Республикасида 30 минг гектарда, Самарқандда 21 минг гектар, Тошкентда 19 минг гектар, Навоийда 22 минг гектар, Бухорода 11 минг гектар, Фарғонада 3 минг гектар, Сирдарёда 5.4 гектар, Андижонда 2.4 гектар, Наманган вилоятида 2.8 гектар ва хоразм вилоятида 2 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди.

Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди: арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига айниқса катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Ушбу зарарли ҳашаротлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг биринчи ярмида кўплаб очарчиликларга сабаб бўлган.

Демак, улар келтирадиган иқтисодий зарар жуда йирик бўлиши мумкин. Мисол учун, 1982 йилда юртимизда марокаш чигирткаси ёппасига кўпайиш оқибатида 40 минг гектар пахта, 30 минг гектар ғалла ва 10 минг гектар майдонидаги томорқа экинлари нобуд бўлган. 2009 йилда эса қўшни давлатлардан марокаш чигирткасининг ёппасига учиб ўтиши оқибатида биргина Музробот туманида 2000 гектар майдондаги пахта ҳосили барбод бўлган.

Айни вақтда юртимизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, тўда ҳосил қилиб яшовчи Марокаш, Осиё ва воҳа чигирткалари шулар сирасидандир. Шу кунларда юртимизда марокаш чигирткаси кенг тарқалгани ҳисобга олиниб, кимёвий кураш олиб борилаётган майдонларда асосий эътибор марокаш чигирткасига қаратилмоқда. Бу турдаги чигирткалар кенг тарқалган тарихий майдонларнинг аксарият қисми давлатлараро трансчегаравий ҳудудларга тўғри келади. Кўпайиш майдонлари тоғ ва тоғ олди яйловларига тўғри келадиган марокаш чигирткаси шу кунларда қанот чиқариб, уричий бошлади. Табиий нобуд бўлиш даврини эса 20-25 кундан сўнг кузатиш мумкин.

Бу оилага мансуб қизил саҳро чигирткалари ҳам хавфли бўлиб, улар жуда йириклиги билан ажралиб туради. Хусусан, катталиги 7 сантиметр бўлган бу ҳашаротлар шамол ёрдамида 2-6 минг километр масофагача бемалол учиб ўта олади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan