ЖАМИЯТ

Кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Термиз шаҳрида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан бевосита мулоқот ўтказилди.

Унда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов хусусий сектор вакилларининг мамлакат иқтисодий ривожидаги муҳим ўрни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида сўз юритди.

Хусусан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган мақсад ва вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, кичик ва ўрта бизнес юртимизда иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналиш ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда фаолият юритаётган ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш, фаолиятларини ривожлантиришда бизнес вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш муҳим аҳамиятга эга.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда кичик ва ўрта тадбиркорларнинг маркировкалаш, солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш ва кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Сурхондарё вилоятида 30 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолият юритади.

Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчилар “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп экспортни амалга оширган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркорлик субъекти”, “Энг интизомли солиқ тўловчи” ва “Энг ёш тадбиркор” сифатида тақдирланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan