ЖАМИЯТ

Чиқиндидан қарздорлик учун электр энергиясига тўлов қабул қилишни чеклаш қачондан амал қилади?

Бу меъёр “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган. Мазкур қонун давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 7 мартда имзоланди.

Аслида қонун нима мақсадда қабул қилинди? Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Абдукаримова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини оширишга ҳамда ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш ишларида айрим муаммоларнинг мавжудлиги чиқиндилар билан боғлиқ самарали тизимни шакллантиришга ҳамда соҳани янада ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловларни амалга оширишни кечиктириш ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик кескин ошган. Маълумотларга қараганда, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик ҳозирда қарийб 600 миллиард сўмни ташкил этади.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизоми даражасининг пастлиги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир қилади, албатта. Бу эса, асосий фондларни янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритиш имкониятини чекламоқда. Шунингдек, бу ушбу соҳага тадбиркорлик субъектлари, хусусий сектор вакилларини жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда.

Санитар тозалаш хизматини кўрсатувчи ташкилот тасдиқланган жадвал асосида доимий равишда аҳоли пунктларидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатади. Мазкур ҳолатда тўлов амалга оширмаган маълум бир (индивидуал) абонентга хизмат кўрсатмаслик имкони мавжуд эмас.

Ўз вақтида тўловни амалга оширмаган истеъмолчиларга нисбатан таъсир чоралари фақатгина суд тартибида амалга ошириб келинмоқда. Бу эса узоқ давом этувчи жараён ҳисобланади.

Бундай ҳолатларга чек қўйишга қаратилган янги қонун билан Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, “Рақобат тўғрисида” ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар бу ҳақда қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинади. Шундан кейин қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади.

Фуқаролик кодексида энергия таъминоти шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам назарда тутилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Уй-жой кодексида давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларга коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар уч ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилишидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари мустасно эканлиги назарда тутилди.

“Рақобат тўғрисида”ги қонунга ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун истеъмолчилар қарздорлигининг олдини олишга қаратилган қоидалар киритилди. Шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартлар киритиш эса тақиқланди.

“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунга қарздорлик бартараф этилгунига қадар электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашни кўзда тутувчи қўшимча киритилди. Бунда, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончлилиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига етказилган зарарнинг ўрни қопланади. Қарздорлик бартараф этилган тақдирда чеклов автоматик равишда бекор қилинади.

Қонун чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлайди. Мазкур хизматлар бўйича дебитор қарздорликни камайтиради. Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар молиявий кўрсаткичларининг яхшиланишига, асосий фондларни янгилаш орқали ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартлар талабларига мослаштиришга йўл очади.

Соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга, аҳолига кўрсатилаётган санитар тозалаш хизматлари сифатини яхшилашга ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга хизмат қилади.

Хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтда тўланишини таъминлаш жойларда чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ёки белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатларининг олдини олади. Чиқиндиларнинг полигонларда тўпланишини кескин камайтиради. Чунки соҳа ривожланса, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси кескин ошади.

Қонун 2025 йил 8 июндан кучга киради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan