ЖАМИЯТ

Термизда инспекторларга пора таклиф қилишди, уларчи …

Жорий йилнинг 26 январ куни соат 9:25 ларда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ инспекторлари, катта сержант К.С., сафдор М.Т. ва сафдор Ш.О.лар белгиланган тартибда Термиз шаҳри Р.Соатов кўчасида хизмат олиб бораётган пайтда, бошқа ҳудудда хизмат юритаётган ҳамкасблари рация орқали “Кобалт” русумли автомашина, уларнинг қонуний тўхтатиш ишорасига амал қилмай ҳаракатланишда давом этиб кетганлиги ҳақида хабар беришади.

Автомашина ҳайдовчиси бу ходимларнинг ҳам тўхтатиш ишорасига амал қилмай, “Тошкент-Термиз” йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Инспекторлар томонидан ўз вақтида олиб борилган тезкор чоралар натижасида автомашина тўхтатилади ва тегишли тартибда МЖтКнинг 194-моддасига асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима майдонига жойлаштирилади.

Ҳайдовчи Термиз тумани “Халқобод” маҳалласида яшовчи 1974 й.т. С.Н. ходимларга расмийлаштирилган маъмурий хуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ва автоуловни жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 500.000 сўм пора таклиф қилади.

Шу куни соат 16.47 да, Термиз шаҳар прокуратураси ва ВИИБ ўз хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан, шаҳарнинг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.Н. сафдор М.Т.га 500.000 сўм пора берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 27 январ куни С.Н.га нисбатан ЎзР ЖКнинг 211-м. 1-қ. билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида хабар берилмоқда, ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи маълумотида.