
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2025 йилнинг 1 февраль ҳолати бўйича Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражасини таҳлил қилди.
Банк бозоридаги рақобат даражасини баҳолаш учун Ҳерфиндал-Хиршман индекси (HHI) қўлланилди. Бу индекс бўйича бозор рақобат даражаси паст (2500-10000), ўртача (1500-2500) ва юқори (1500 дан паст) гуруҳларга бўлинади.
2025 йил 1 февраль ҳолатига активлар бўйича ҳисобланган HHI индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72 бирликка яхшиланиб, 800 ни ташкил этди. Бу рақобат муҳити яхшиланиб бораётганидан далолат беради. Ушбу даврда тижорат банклари жами активлари 17,7 фоизга ўсиб, 768 триллион сўмни ташкил қилди. Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг банк тизими жами активлари ҳажмидаги улуши 34,5 фоизга етди.
Кредитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 57 бирликка яхшиланиб, 918 га тенг бўлди. Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар ажратган кредитлар жами тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажмининг 31 фоизини ташкил қилди.
2025 йил 1 январь ҳолатига тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар 533,1 триллион сўм бўлган бўлса, 1 февралга келиб 534 триллион сўмга етди. Шунингдек, жисмоний шахсларга берилган микроқарзлар ҳажми 75 фоизга ошган.
2025 йил 1 февраль ҳолатига депозитлар бўйича HHI индекси 636 бирликни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 бирликка яхшиланди. Жами депозитлар ҳажми 310,2 триллион сўмга етди, бу эса 28,1 фоизлик ўсишни кўрсатади.
Шу билан бирга, миллий валютадаги депозитлар ҳажми 36 фоизга, чет эл валютасидаги депозитлар эса 7,4 фоизга ошган. Чет эл валютаси банк депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 2024 йил бошида 4,7 фоизни ташкил қилган бўлса, йил якунида 5,3 фоизга етди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, банк секторида рақобат даражаси ортиб боряпти. Давлат иштирокини камайтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш каби чора-тадбирлар банк тизимини янада ривожлантиришга ва рақобат муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.