ТУРИЗМ

Кокилдор Ота хонақоҳи

Термиз туманидаги меъморий ёдгорлик. Халқ орасида Алоулмулк Худовандзода (Термиз ҳукмдори) кўшки, «Азизон», «Азлар эшон, «Кокилдор» (кокил қирқиш удуми) деб номланган.

Хонақоҳ-масжид, мадрасалардаги катта хона, зиёратчилар учун қурилган жамоатхоналар, ҳужралар хонақоҳ деб аталган. Кейинчалик сўфийлар машғулотларини ўтказишга мўлжалланган катта хона ва унинг атрофига қурилган ҳужралар ҳам хонақоҳ деб аталган. Амир Темур даврида Султон Саодат мақбараси ёнида хонақоҳ қурилганлиги ёзма манбаларда сақланиб қолган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, хонақоҳ XVI асрда Шайбонийлардан Абдуллахон II даврида бунёд этилган. Баъзи маълумотларга қараганда эса, бинонинг баҳайбат кириш қисми кўпроқ XV асрлага, яъни Темурийлар даврига хос. Олимларнинг тахминларига кўра, бино Темурийлар даврида, Ҳаким ат-Термизий ва Султон Саодат мажмуаларини қайта таъмирлаш даврида таъмирланган. Таъкидлаш жоизки, Кокилдор ота Термездаги энг аҳамиятли ёдгорликлардан бири ҳисобланиб келинади.

Хонақоҳ пештоғи

Кокилдор хонақоҳи тўғри тўртбурчак тарҳли (27,5х17 м), 5 хонадан иборат. Баланд ва чуқур равоқли пештоқ орқали марказий хона (7,5х7,5 метр)га кирилади. Марказий хонанинг гумбази 8 қиррали пойгумбаз устига қурилган, икки ён томонидаги хоналар ўзаро ўхшаш, тенг ҳажмда, далон орқали боғланган орқа ва ён эшиклари бўлган.

Марказий хона саҳнида бир неча қабр сақланиб қолган. Ичкаридаги равоқ ва намоёнларга ганчкори усулида пардоз берилган. Гумбаз ости бағаллари муқарнаслар билан безатилган.

Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан хонақоҳ атрофи ободонлаштирилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan