ТУРИЗМ

ЧАНҚОВУЗ

          Ҳамма зарур нарсалар оддий бўлади, деган азалий ҳақиқат назаримда айнан чанқовуз ҳақида айтилгандай. Иккита бармоқ катталигича келадиган бу жўн ва хушоҳанг сознинг ёши миллат тарихи билан бўйлашади. Сибизға, чилдирма, дўмбира каби чолғу асбоблари қаторида чанқовуз ҳам энг кўҳна замонларда боболаримизнинг маънавий эҳтиёжларига яраб келган. Қадимийлик жиҳатидан бу учта сознинг ҳар бири “энг кексалик”ка даъво қила олади.

Чанқовузнинг битта ўзига хослиги бор: уни асосан аёллар чалган. Унинг оҳанги, ноласи тил ва бармоқларнинг уйғун ҳаракати билан бошқарилади. Товуш мароми ва йўналишини бармоқлар “назорат” қилса, оҳанг тил би­лан берилади.

Тақасимон кўринишга эга бўлган бу содда чолғуни тилга киритиш осон эмас. Сўз билан айтиб, ўрганувчига етказиб бўлмайди. Дейлик, чанқовузни чалиш усули мана бундай таърифланиши мумкин: уни чап қўлга оласиз, бармоқлар лабга оҳиста текизилади. Ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан бу митти сознинг тилчаси ҳаракатга келтирилади. Чалгувчи одам тили ва лаблари билан ўзига керакли оҳангни бера олиши зарур.

Унинг овози сокин ва маҳзун. Созанданинг маҳоратига қараб, чанқовуз турли ҳайвонларнинг, турфа вазиятга тушган инсонларнинг хитобларини сачрата олади.

Чанқовуз астойдил тинглаган тингловчини “мастона” (транс) ҳолатига тушира ола­ди. Табиийки, дастлаб созанда шу ҳолга тушмоғи лозим.

Чанқовуз жуда қадимги даврларда туя суягидан, ишлов бериш мумкин бўлган дарахт шохларидан ва ҳатто қамишдан ясалган. Кейинроқ унинг баъзи қисмлари юпқа металл билан алмаштирилган. Замонавий чанқовузлар буткул “металлашиб” кетган.

Ўтмишда чанқовузни тўғри маънода гапиртирган момоларимиз ўтган. Бўй қизлар чалганда ошиғининг исмини чанқовуз орқали ошкор қилганлар. Неажабки, унинг “тили”ни фақат аёллар тушунганлар. Чанқовузнинг нима деб “гапириши” уни ким чалишига боғлиқ. Момоларимиз ҳазил аралаш: “Қизлар чал­ган чанқовуз “куёв-куёв” деб овоз чиқаради. Кампирлар чалганда эса “бобой-бобой” дейди, деб пайров қилишарди. Бу бежиз эмас.

Чанқовузнинг турли “қариндошлари” бор. Бошқирдларда шунга ўхшаш созни “қўбиз” дейишади. Чувашларнинг “капас” деган асбоби, украинларнинг “дримба”си, русларнинг “зубанка”-си ҳам шаклан чанқовузга ўхшаб кетади.

Гарчи чанқовуз мудом чалиниб келган бўлса ҳам, истиқлол йилларида энг кўп ишлатиладиган созлардан бирига айланди. Миллий қўшиқчилигимизнинг Сурхонча йўналишдаги яратилаётган катта-кичик ижод намуналарини чанқовуз иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. У янада такомиллашиб, миллий созларимиз орасида собит ўрнини мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.

Акбар ХУДОЙҚУЛОВ