
“Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 февралдаги ЎРҚ-1025-сон Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 10 сентябрда қабул қилиниб, Сенати томонидан 2024 йил 21 декабрда маъқулланган.
Маълумки тез ривожланиб бораётган ҳозирги замонда тижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, юридик шахсларнинг ўз аҳамиятини йўқотган айрим ташкилий-ҳуқуқий шаклларини тугатиш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш, янгиларини тадбиқ этиб бориш масаласи доимо долзарб бўлиб келган.
Бунда корпоратив муносабатлар ва юридик шахсларни бошқариш жараёнини такомиллаштириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга янги турдаги институтларни жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, шунингдек юридик шахсларнинг эскирган ёки кам аҳамиятли ёхуд ўз аҳамиятини йўқотган ташкилий-ҳуқуқий шаклларини бекор қилиш зарурияти юзага келмоқда.
Шунга кўра, ушбу Қонун билан амалиётда юзага кела ётган айрим масалалар, яъни тижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, юридик шахсларнинг ўз аҳамиятини йўқотган айрим ташкилий-ҳуқуқий шаклларини тугатиш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
унитар корхона ва қўшимча масъулиятли жамият шаклларини тугатиш;
юридик шахсларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этишда корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш ҳужжатида акс эттирилган ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар қайта ташкил этилаётган юридик шахсга ўтказилиши;
корпоратив шартнома, консорциум шартномаси каби институтларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги талабни бекор қилиш;
хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг акциялар, корпоратив облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорларини ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор этиш;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қимматли қоғозлар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шунингдек қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензия берилганлигига тааллуқли ахборотни эълон қилиш.
Маълумот ўрнида қайд этиб ўтишимиз керакки, мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан (2025 йил 7 февраль) эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Кўриб турганимиздек, мазкур Қонун хўжалик жамиятларининг фаолиятини ва уларни бошқаришни, корпоратив муносабатларни янада такомиллаштириш, акциядорлар ва иштирокчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва баъзи тартиб, эскирган ёки амалда ишлатилмасдан қолган нормаларни бекор қилиш орқали янги муносабатларнинг шаклланишига хизмат қилишига ишонч билдириб қоламиз.
М.Н.Мамаюсупов, Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси, PhD