ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Музработ туманида янги масжид иш бошлади

Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Олис Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолиятини бошлади. Шу кунларда халқимизнинг бироз дилини хира қилган вирус сабаб кўпчилик қаторида музработликлар ҳам хушхабарга муштоқ эдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳукуматимизнинг 8 июндан диний ташкилотлар фаолиятига қайта рухсат бериш арафасида, жорий йилнинг 5 июнь куни, янги масжидга давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақида адлия бошқармасидан гувоҳнома тақдим этилди.

       

180 мингга яқин аҳолига эга Музработ туманида шу кунга қадар 1 та масжид фаолият юритар эди. У ҳам бўлса туман марказидан салкам 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун узоқ масофада жойлашган масжидга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат бўлиб, “туманимиз марказида ҳам масжид бўлса эди”, дея эзгу ният билан яшарди.

Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2068 тага, Сурхондарё вилоятида эса 113 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь, душанба кунидан бошлаб масжидлар фақат “яшил” ҳудудларда ўз фаолиятини бошлайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тақдим этган рўйҳатга кўра Музработ тумани ҳам “ЯШИЛ” ҳудуд тоифасига киради.

Демак, 8 июнь санасидан бошлаб “Дўстмуҳаммад бобо” масжидида ҳам санитар талаблар асосида 5 маҳал намозлар адо этилади.

Аллоҳ таолодан янги бунёд этилган Ўзининг байтини мусулмонлар учун хайрли, то қиёматгача азон овозлари янграб турувчи маскан бўлмоғини тилаб қоламиз!

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan