ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ЎЗБЕКИСТОН

Самарқандда отасига тегишли Лаcеттини бошқарган 8-синф ўқувчиси икки кишини уриб юборди. Жабрланувчилардан бири вафот этган.

Самарқандда отасига тегишли машинани бошқарган 8-синф ўқувчиси ЙТҲ содир этиб, икки фуқарони уриб юборди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Иш ҳужжатларига кўра, ўқувчи йигит отасига тегишли машинани ювган ва уни ҳайдаб кўчага чиққан. 19-май куни соат 22:00 ларда “Бешқўтон” маҳалласининг ички йўлида ҳаракатланиб кетаётган Лаcетти автомашинаси ичида бўлган йигитча бошқарувни йўқотган ва икки нафар фуқарони уриб юборган. Сўнг автомобил Cобалт машинасига урилиб, тўхтаган.

ЙТҲ оқибатида 64 ёшли фуқаро олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган, иккинчи фуқаро эса турли тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда 14 ёшли бола “Жигули”да тенгдошини босиб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлгани, Самарқандда Cобалт 16 ёшли пиёдани уриб, учириб юборгани тўғрисида хабар берилганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan