
Аҳоли, айниқса, ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади.
Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида қайд этилган.
Дастур жорий этилиши туфайли қуйидаги натижаларга эришилади:
— жамоатчилик фикри асосида барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойлари зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади;
— санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолати яхшиланади;
— санитария-гигиена хоналари янги қурилаётган муассасаларда бинонинг ички қисмида жойлаштирилади;
— барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, шу жумладан, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш билан боғлиқ дастур қабул қилинади;
— 2025 йил 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг халқаро экспертлари жалб этилган ҳолда республиканинг барча ижтимоий соҳа муассасаларида «2025–2028 йилларда Ўзбекистонда санитария-гигиена тизимини яхшилаш» дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
— асосийси, мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолати ва аҳоли саломатлиги яхшиланади.
«Тоза қўллар» дастури соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.