САЛОМАТЛИК ЎЗБЕКИСТОН

ЖССТ расмийси: «Ўзбекистонда нос ишлаб чиқариш ва унинг савдосига чек қўйиш зарур»

11 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси директори Ҳанс Клюге бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Соғлиқни сақлаш вазирлигида делегация вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар берди.

Бюро раҳбари лавозимига 2019 йилнинг сентябрь ойида сайланиб, жорий йилнинг 1 февралидан ўз вазифасига расман киришган жаноб Клюге илк хорижий ташрифини Ўзбекистондан бошлаганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққан доктор Клюге ЖССТ Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун экани ва истиқболли лойиҳалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбирда ССВ ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан 2020-2021 йилларга мўлжалланган 2 йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Ҳанс Клюге учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида ноинфекцион касалликларнинг олдини олишда нос ишлаб чиқариш ва уни сотишга чек қўйиш самарали чоралардан бири эканлигини қайд этди.

Таҳлилларга кўра, энг кўп ўлим ҳолатлари айнан ноинфекцион касалликлар туфайли кузатилмоқда. Дунё бўйлаб ҳар йили 140 минг киши ноинфекцион касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Юртингиздаги ҳар тўртинчи одам ҳам шундай касалликлар сабаб вафот этмоқда. Бу эпидемияни тўхтатиш учун соғлиқни сақлаш сектори чегарасидан чиқиш керак.

Тамаки, ширин ичимликлар учун солиқларнинг оширилиши, ОАВда алкогол маҳсулотлари, хусусан, спиртли ичимликлар рекламасини тақиқлаш, нос ишлаб чиқариш ва унинг савдосига чек қўйиш, аҳолида фаол ва соғлом турмуш кечиришни осонлаштириш каби чоралар нафақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги, балки қатор ташкилот ва идоралар томонидан ҳам биргаликда амалга оширилиши зарур.

Ҳанс Клюге, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси директори

Маълумот учун, ноинфекцион касалликларнинг 4 асосий тури мавжуд. Булар – юрак-қон томир касалликлари (инсульт, инфаркт ва ҳ.к), сурункали респиратор касалликлар (астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва ҳ.к.), саратон ва диабет.