
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев бизнес учун тенг шароит ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача тикувчилик-трикотаж, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ЖШДС ва фойда солиғи ставкалари 1%гача пасайтирилади.
Имтиёз қуйидаги шартларнинг ҳар бири бажарилганда амал қилади:
- муҳтож оилалардан ёки ижтимоий ҳимоя рўйхатидан камида 15% ходимлар;
- ҳар бир ходимнинг иш ҳақи — 2 МҲТEКМдан (2,3 млн сўм) кам бўлмаган миқдорда;
- тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини сотишдан олинган умумий тушум даромадларнинг камида 90%ини ташкил этиши керак.
Шунингдек, 1 апрелдан фармацевтика маҳсулотларини сотиш ёки тиббий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи барча юридик шахслар даромадларидан қатъи назар ҚҚС тўлайдилар.
ҚҚС бўйича ҳисоботлар солиқ органлари томонидан автоматик тарзда шакллантирилади. Бунинг учун онлайн-касса ва виртуал касса чеклари, ЭҲФ ва бошқа маълумотлардан фойдаланилади.
Савдо-саноат палатаси ҳузурида Ташқи молия бозорларига чиқишда бизнесга кўмаклашиш маркази ташкил этилади.
У тадбиркорларга хорижий банклар, халқаро молия институтлари ва бошқалардан маблағ жалб қилиш бўйича маслаҳатлар беради. Ҳар йили марказда камида 100 та компанияга хизмат кўрсатилиши кутилмоқда.
Савдони ривожлантириш компанияси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан $100 млн миқдорида ссуда олади. Пул 2028 йилдан бошлаб қайтариш шарти билан 5 йилга йиллик 2% миқдорида ажратилади.
Улар ҳисобидан Савдони ривожлантириш компанияси агробизнес, саноат ва савдо корхоналарига айланма маблағларини тўлдириш учун кредитлар ажратиш мақсадида банкларга ресурслар тақдим этади. Бундан ташқари, ушбу маблағлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибрлаш ва қадоқлаш лойиҳаларига ҳам кредитлар берилади.
Шунингдек, Савдони ривожлантириш компанияси 10 млрд сўмгача бўлган кредитлар бўйича кафиллик беради. Бу билан боғлиқ мажбуриятларни бажариш учун компания маблағларидан $50 млн захира қилинади.