ЎЗБЕКИСТОН

УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА.

Мамлакатимизда жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.04.2023 йилдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-51-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан 01.05.2023 йилдан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашда банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланишга, шу жумладан қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизимини жорий қилишга рухсат этилди.

Шунингдек, банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилиб, профессионал таълим ташкилотларининг муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларидаги махсус фанлар бўйича дарс бераётган ёки ўқув амалиётини ўтказаётган ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталарига имтиёзли шартларда субсидия хабарномаларини бериш тартиби жорий этилди.

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун олинадиган ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланган бўлса, эндиликда 2023 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишга доир аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2023 йил 1 майдан 2023 йил
1 декабрга қадар қабул қилиниши тартиби жорий этилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига “Халқпарвар” комиссияларининг ахборотига асосан хато ажратилган деб топилган субсидия хабарномаларини дастурий таъминотдан тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди.

Бунда, 2023 йил учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори 2022 йилда белгиланган миқдорда сақлаб қолинган ҳолда шу вақтга қадар субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномага эга бўлган шахсларга субсидиялар 2022 йилда амалда бўлган шартлар ва миқдорларда ажратилиб борилади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ушбу Фармон билан тегишли ҳудуд учун белгиланган ипотека кредитлари ва субсидиялар сонини оширишга рухсат берилди.

Шу каби, 2023 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари (ҳарбий хизматчилар) учун 4 000 та квартира сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилган бўлиб, дастур
тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти Зангиота тумани “Туркистон” маҳалласида амалга ошириш белгиланди.

Шунингдек, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши сифати юзасидан қатъий назорат ўрнатиш ва бу борада норматив-техник ҳужжатлар ва лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқиш ҳолатлари аниқлаш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Прокуратура органлари томонидан мазкур Фармойиш ижроси алоҳида назоратга олиниб, уй-жой сотиб олишда субсидия маблағларини ажратилишида таъсирча назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Р.Жумабоев, Бош прокуратура бошқарма прокурори.

Э.Мусирмонов, Вилоят прокуратураси бўлим прокурори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan