ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ЎЗБЕКИСТОН

Андижон бозоридаги савдо жараёнида қалбаки 100 минг сўмликлар аниқланди

Осон йўл билан бойиб кетиш истаги баъзи одамларни турли кўйларга солиб келади. Қалбаки пул ясаш шулардан бири бўлиб, оқибати яхшилик билан тугамаса ҳам ҳамон давом этиб келмоқда.
Андижондаги бозорлардан бирида фуқаро Н.Н. 5 дона церийа ва рақамлари бир хил бўлган 100 минг сўмлик купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган. Аммо сотувчи пулнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилган.
Пуллар қалбаки эканлиги шубҳага олиниб, ашёвий далил сифатида олинган. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Улуғнор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнидаги экспертиза натижалари эса бу пуллар нусха кўчириш йўли билан рангли принтерда чоп этилганлиги аниқланган.
Фуқаро Н.Н. қалбаки пулларни бозорда нотаниш аёлдан ўзидаги майда пулларни йирик купюрага айлантирган вақтида олганлигини билдирган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қалбаки пул ясаш қонунга зид бўлиб, Жиноят кодексининг 176-моддасига мувофиқ, «Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш» икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Жиноий ҳаракат тоифасига қараб жазо оғирлашиб бориши, озодликдан маҳрум қилиш ўн беш йилгача бўлиши мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan