ЎЗБЕКИСТОН

Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ва ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари малакасини ошириш маркази фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ва Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази тузилмаси тасдиқланди.

Унга кўра, Агентлик директори Институт ва Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Институт аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ўтказиш, ижтимоий ҳимояга мухтожликнинг бирламчи сабабларини таҳлил қилиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича илмий асослантирилган самарали ва истиқболли таклифлар ишлаб чиқиш бўйича давлат муассасаси ҳисобланади.

Марказ Агентлик томонидан вазирлик ва идораларнинг мувофиқлштириладиган ҳамда мониторинг қилинадиган фаолият йўналишларидаги ходимлари малакасини ошириш учун ҳамда оилавий болалар уйларини ташкил этиш учун тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини ташкил этиш бўйича давлат муассасаси ҳисобланади.

Марказ ўқув жараёнига профессор-ўқитувчиларни ҳамда соҳа бўйича мутахассисларни меҳнатга соатбай ҳақ тўлаган ҳолда тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб этиши мумкин.

Марказ ва Институтнинг хизмат вазифасини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини қўллаб- қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 200 фоизи миқдоридан кўп бўлмаган шахсий устамалар белгиланиши мумкин. 

2024 йил 1 апрелдан бошлаб, Марказда вазирлик ва идораларнинг Агентлик томонидан мувофиқлаштириладиган ва мониторинг қилинадиган фаолият йўналишларидаги ходимлари учун уч йилда камида бир марта тўлов-шартнома асосида мажбурий малака ошириш курслари, шунингдек, оилавий болалар уйларини ташкил этиш учун тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan