Фанлар академияси Зоология институти ҳузуридаги Республика термитларга қарши курашиш илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари томонидан илк бор Ўзбекистон фаунаси учун Блаттодеа туркуми, Термитидаэ оиласи, Амитермес авлодига мансуб Амитермес рҳизопҳагус янги термит тури аниқланди.
Адабиёт маълумотларига кўра, Термитидаэ оиласи вакиллари фақат Ўрта Осиёда – Туркманистонда тарқалган. Мазкур тур Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Вори қишлоғида аҳоли турар жойлари ва уларга туташ ҳудудларнинг ёғоч конструцияларини термитлар билан зарарланиш ҳолатини аниқлаш юзасидан мониторинг тадқиқот ишлари жараёнида аниқланди.
Амитермес рҳизопҳагус термит турининг турли табақа: аскар, нимфа, ишчи вакилларини морфологик белгилари ва молекуляр генетик таҳлил маълумотларига кўра идентификация қилиш уларнинг Амитермес рҳизопҳагус Беляева, 1974 термит турига мансублигини тасдиқлади. Амитермес рҳизопҳагус термит тури аскар табақасининг таснифий белгилари: мандибулалари чўзиқ, ўткир учли ўроқсимон, чўққисидан маргинал тишига қадар қизғиш-жигарранг, кейин асосга томон қўнғир-сарғиш; ҳар бир мандибуланинг ўртасида асосга бир оз орқага йўналтирилган битта тўғридан-тўғри кесилган маргинал тиш жойлашганлиги билан фарқланади.