ЎЗБЕКИСТОН

Олий таълимда олинган диплом дубликатини бериш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Мустақил юртимизда истиқлол йилларида асрларга татигулик ислоҳотлар амалга оширилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бугунги эркин ва обод жамиятимизга, фаровон турмушимиз, тараққиётимиз суръатларига жаҳон аҳли ҳайрату ҳавас билан қараётгани ҳам ростдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг пировард натижаси инсон манфаатлари, уларнинг фаровон турмуши, одамларнинг ҳаётини янада мазмундор қилишга қаратилган.

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида инсон манфаатлари бош мезон сифатида белгилангани ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғоя илгари сурилгани давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда жадал суръатлар билан ривожлаланётган ҳар бир тармоқдаги ўзгаришлар кўзимизни қувонтиради. Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, уларнинг сони вақт ўтган сари кўпайтирилиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш буйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида”ги 395-сонли қарорининг қабул қилинганлиги ҳам фуқароларимизга яна бир қулай имконият яратиб берди.

Мазкаур қарорга асосан эндиликда давлат хизматлари марказлари орқали йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган дипломнинг дубликатини олиш мумкин бўлади. Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ, йўқолган ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган, шунингдек, шахснинг исми (фамилияси, отасининг исми) ўзгарганда таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини олиш мақсадида давлат хизматидан фойдаланиш тартибига кўра ариза берувчи томонидан сўровномани электрон равишда тўлдириш ва тасдиқлаш, давлат хизматидан фойдаланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундириш, давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш асосларини белгилаш, таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини расмийлаштириш тартиби, тегишли ваколатли орган томонидан расмийлаштирилган таълим тўғрисидаги ҳужжатда нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганда, ариза берувчи ўн беш иш куни ичида йиғим тўламасдан белгиланган тартибда қайта мурожаат қилиши тартиби тасдиқланди.

Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжатлар ҳамда унинг дубликати бир хил юридик кучга эгалиги, давлат хизматидан ҳудудлардаги давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали фойдаланиш мумкин. ЯИДХП орқали фойдаланилганда электрон рақамли имзо талаб этилмайди ҳамда тўлов суммасининг 90 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.

Аризаси томонидан муродаат амалга оширилгандан сўнг ваколатли орган ўн иш куни мобайнида тегишли таълим муассасалари ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ҳужжатлар асосида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ўз имзоси ва муҳри билан расмийлаштиради.

Ариза берувчи таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли органдан олиб кетади ёки ўзининг хоҳишига кўра, мазкур ҳужжат дубликатини ваколатли орган томонидан почта хизмати орқали юборилишини белгилайди, почта алоқа бўлимлари томонидан таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли орган манзилидан ариза берувчининг манзилига беш иш куни мобайнида етказиб бериш назарда тутилган. Почта алоқаси орқали етказилган давлат хизматларининг натижаси учун амалга ошириладиган тўловлар ариза берувчи томонидан қопланади.

Ариза берувчи таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат дубликатини расмийлаштиришда хатоликлар мавжудлигини аниқлаганда, илгари юборилган ариза рақамини кўрсатган ҳолда такрорий ариза юбориш имкониятига эга бўлади. Бунда ариза берувчи ўн беш иш куни ичида йиғим тўламасдан белгиланган тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ваколатли орган ариза берувчи томонидан мурожаат этилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида аризани кўриб чиқиши шарт.

Давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг талаби кундан-кунга ортиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, Адлия вазирлиги ҳамда тегишли органлар билан ҳамкорликда бу борада мавжуд муаммолар ўз вақтида ҳал этилиб, хизматлар сифати оширилиб, мурожаат этувчиларга тезкор, қулай ва шаффоф хизматлар тақдим этиб борилса, бу халқимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам фойдали бўларди.     


И.Ибрагимов, Олтинсой тумани Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи        
                                                    

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan