
Июнь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мамлакат захиралари бир ойда $293,7 млнга пасайиб, $36,34 млрдни ташкил этди.
Хорижий валютадаги активлар миқдори камайишда давом этмоқда. Июнда валюта захиралари $707 млн камайиш билан $8,43 млрд бўлган.
Бундан ташқари, ўтган ойда қимматли қоғозлар таркибидаги кўрсаткич $35,1 млнни ташкил этган.
Регуляторнинг бошқа мамлакатлар марказий банклари ҳамда ХВЖдаги депозитлари ҳажми бироз камайиб, $422,2 млнни қайд этди.
Шу билан бирга, бошқа хорижий молия институтларининг ҳисобварақларидаги маблағлар миқдори ҳам бир ой давомида $796,7 млнга камайди — $8,01 млрд.
Июнь ойида мамлакат олтин захиралари $506,5 млнга ошиб, $27,31 млрдга етди. Захирадаги олтиннинг физик ҳажми ҳам 300 мингга ошиб, 11,7 млн трой унцияни ташкил этди.
Марказий банкнинг қайд этишича, олтин нархининг $2 342,9дан $2 327,6гача тушишининг таъсири $0,2 млрд бўлган.