Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро илмий-амалий анжуман доирасида дунёнинг турли давлатларидан келган таниқли олим ва уламолар Шеробод туманида жойлашган Имом Термизий зиёратгоҳига ташриф буюришди.
Меҳмонлар буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий қабрини зиёрат қилиб, қуръон тиловат қилишди ва дуо ўқишди. Улар зиёратгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, кутубхона ва жоме масжид фаолияти билан ҳам танишдилар. Меҳмонлар ушбу муқаддас жойда зиёратчилар учун яратилган қулайликлар ва буюк имомга давлат миқёсида кўрсатилаётган эътибордан катта таассурот қолдирганликларини билдиришди. Зиёрат давомида аср намози жоме масжидида адо этилди.
Шунингдек, меҳмонлар Президентимизнинг 2024 йил 15 августда қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Жумладан, Абу Исо ат-Термизийнинг тўрт жилдлик “Сунани Термизий шарҳи” ва Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” асарлари нашр қилингани ҳақида маълумот берилди.
Бу ташриф нафақат анжуманнинг илмий аҳамиятини, балки Термизий меросининг халқаро миқёсдаги қадр-қимматини янада ёрқин намоён этди.