ЎЗБЕКИСТОН

Суд томонидан фуқаронинг ўз вақтида пенсияга чиқишига имконият яратилди

Мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш, яъни ҳар бир юртдошимизни бахтли қилиш мақсади турганлигини кўриш қийин эмас. Хусусан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, эмин-эркин яшаб, меҳнат қилишлари учун шарт-шароит ҳамда қулайликлар яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси 3-қисмига асосан, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига аризачи Мансурова Ойша Авазовна (исм ва фамилия ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, унда 1985-1987 қадар Мансурова Ойша Авазовна номига иш ҳақи китобида қайд этилган иш стажини Мансурова Ойша Авазовнага тегишли эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Аниқланишича, аризачи Мансурова Ойша Авазовна 1967 йил 20 апрель куни туғилган бўлиб, 1985-1987 йилларда Қумқўрғон туман собиқ «Қизил октябрь» колхозида ишлаган ва иш ҳақи китобида қизлик фамилияси Азизова Ойша деб ёзилган бўлиб, турмушга чиққач Мансуровага ўзгарган.

Ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб туман пенсия жамғармасига мурожаат қилганда, пенсия жамғармаси томонидан ушбу ишлаган йилардаги фамилияси тўғри келмаганлиги сабабли ушбу ишлаган йилларни аризачига тегишли эканлиги фактини белгилаб бериш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. Шундан сўнг аризачи ушбу мазмундаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Иш ҳужжатларига илова қилинган далиллар ва гувоҳ кўрсатмаларидан, аризачининг аризада келтирган важлари асосли эканлиги ўз тасдиғини топиб, суд томонидан ариза қаноатлантирилди.

Бинобарин, Конституциямизнинг 54-моддасига асосан “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” деб белгиланган.

Нилуфар Тўраева, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan