ЖАМИЯТ

«Кўп болали оила» деб қандай оилага айтилади?

Ўтказилган таҳлилларга кўра, қонун ҳужжатларида “кўп болали оила” тушунчасига турлича мезонлар белгиланган. Жумладан, “кўп болали оила” тушунчаси 21 та қонун ҳужжатида, хусусан 5 та қонунда қўлланилган. Мисол учун, ёш мезони бўйича – максимал ёш чегараси 16 ва 18 ёшгача, бола сони бўйича эса – учтадан еттитагача баён этилган.

Бу нимага олиб келмоқда?

Бу давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан ҳақиқий муҳтож оилалар тенг ҳуқуқли равишда фойдаланмаётганлиги, шунингдек, амалиётда ҳуқуқ нормаларини қўллашда ижтимоий адолат принципининг бузилишига шароит яратиб бермоқда.

Шу сабаб, қонун ҳужжатларида кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилашга зарурат бор.

Шундан келиб чиқиб,  Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қўшимча 41–модда критилиб, унда ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган 4 ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган, шунингдек кундузги таълим шаклида таълим олаётган 22 ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Халқимиз болажон халқ бўлганлиги боис, албатта, аҳолида бу борада кўплаб саволлар туғилиши табиий. Жумладан, болалар сонини 3 ёки ундан ҳам кичик 2 га тушириш, ёшни юқори қилиб белгилаш кабилар.

Бугунги кундаги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳамда демографик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда “тўрт ва ундан ортиқ” болалари бор оила нормаси таклиф этилмоқда.

Ёш цензи ҳақида тўхталадиган бўлсак, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунимизга кўра бола деганда ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс тушунилади. Шу боис, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу тушунчанинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ўзгартириш киритилмоқда.

Яна бир ҳолат, қонун лойиҳасига жамоатчилик томонидан таълимнинг кундузги шаклида узлуксиз таълим олаётган бола таълим муассасасини тугатгунга қадар кўп болали оила таркибига киритилиши юзасидан билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, республикамизда таълимнинг кундузги шаклида узлуксиз таълим олаётган бола таълим муассасасини тугатгунга қадар ўрта ҳисобда 22 ёш бўлишини инобатга олган ҳолда, “кўп болали оила” тушунчасига ушбу ёш чегарасида таълим олаётган болалар киритилди.

Шу билан бирга, юқоридаги Оила кодексига киритилаётган қўшимчалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 436-моддасига, Меҳнат кодексининг 68-моддасига ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига ўзгартириш киритилмоқда.

Натижада, кўп болали оилалар – жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинади, давлат томонидан ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар берилади.

Умуман, киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар оқибатида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли хил ёндашувлар бартараф этилишига, ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп болали оилаларга
турар жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратилади ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan