ДУНЁ

Хитой ҳукумати аҳоли бандлигини таъминлаш учун 9,5 миллиард доллар ажратди

Жорий йил бошидан бери Хитой ҳукумати бандликни рағбатлантириш учун субсидия сифатида 66,7 миллиард юань (тахминан 9,5 миллиард доллар) ажратди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси молия вазири Лан Фоан маълум қилди.

“Биз аҳолини асосий тирикчилик воситалари билан таъминлашга эътибор қаратдик. Йил бошидан буён аҳоли бандлигини таъминлаш учун марказий бюджетдан 66,7 миллиард юань миқдорида субсидиялар ажратилди”, деди у матбуот анжуманида.

Маблағлар минтақавий ҳокимият органларига асосий тоифадаги фуқароларни, масалан, олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, шунингдек, касб-ҳунар ўргатиш дастурларини ташкил этиш учун сарфланди. Лан Фоан, шунингдек, январдан сентябргача бўлган даврда Хитой бюджетининг таълимга сарфланган харажатлари 3 триллион юанга (тахминан 425 миллиард доллар) етганини маълум қилди.

Хитой Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2023 йилда 12,44 миллион янги иш ўрни яратилган ва ишсизлик даражаси 0,4 фоиз пунктга тушиб, 5,2 фоизни ташкил этган. 2024- йилнинг январидан августигача бўлган даврда бу кўрсаткич бир хил даражада сақланиб қолди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan