ДУНЁ

Ҳиндистонда кўчки оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши вайроналар остида қолди

Жума куни қутқарувчилар Ҳиндистон ғарбида 16 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва тахминларга кўра, 100 дан ортиқ киши вайроналар остида қолган йирик кўчкидан сўнг омон қолганларни қидиришни давом эттирди. Қалин туман ва кучли ёмғир қидирув-қутқарув ишларини қийинлаштиряпти, дея хабар беради Reuters агентлиги.

Мумбайдан 60 км узоқликда жойлашган Махараштра штатидаги чекка тоғли Иршалвади қишлоғида кўчки ярим тунда тушди. Бир қанча уйлар лой қатлами остида кўмилган.

Қутқарувчилар пайшанба куни кечқурунгача вайроналар остидан 16 жасадни олиб чиқди.

Маълум қилинишича, қишлоқда камида 225 киши истиқомат қилган, 80 дан ортиқ киши қочишга муваффақ бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, вайроналар остида 100 дан ортиқ одам қолиб кетган.

Сўнгги кунларда бутун дунё бўйлаб жазирама тўлқинлар, ўрмон ёнғинлари, кучли ёмғир ва сув тошқини вайронагарчиликка олиб келди, бу эса иқлим ўзгаришлари суръати ҳақида янги хавотирларни уйғотди.

Кўчки массаларининг баландлиги баъзи жойларда 10 дан 29 футгача баландликка этади.

Икки йил аввал яқин атрофдаги қишлоқда содир бўлган кўчки 80 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.

Ҳиндистон метеорология департаменти маълумотларига кўра, 1 июнда ёмғирли мавсум бошланганидан буён мамлакатда, асосан шимолий ҳудудларда содир бўлган табиий офатлар 100 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

Метеорологларнинг маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида айрим ҳудудларда 400 мм гача ёмғир ёғган.

Гужарат штатида ёмон об-ҳаво туфайли мактаблар ёпилган, йўллар сув остида қолган.

Бу ҳафта тинимсиз ёмғирлар туфайли тўлиб-тошган Ямуна дарёсининг сувлари 45 йил ичида биринчи марта Тож-Маҳал деворларига етиб борди ва бир қанча тарихий обидалар ва боғларни сув босди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan