
16 ёшли ўсмирнинг ўлимига сабаб бўлган, 163 нафар одам жароҳатланган Сергелидаги портлаш бўйича суд иши якунланди ва судланувчиларга ҳукм ўқилди.
Бугун, 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида тўрт нафар судланувчи С.Ф., А.Ф., Б.С. ва Н.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбли деб топилди ва уларга шу модда билан икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил колонияда ўтаттирилиши белгиланди ва жазо муддати 2023 йил 29 сентябрдан бошлаб ҳисобланиши айтилди. Уларга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилди.
Шунингдек, фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган “S.S.” МЧЖ, “A-O” МЧЖ, “A.S.” МЧЖларнинг судга киритган даъво аризалари қаноатлантирилди.
Суд ҳужжатида жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга судланувчи С.Ф., А.Ф., Б.С., Н.К., ва фуқаровий жавобгарлар “Interlogistics” МЧЖ ҚК, “Polychem” МЧЖ солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида ҳукм чиқарган суд орқали Тошкент шаҳар судига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса, кассация тартибида берилиши мумкинлиги билдирилди.