ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Германия Ўзбекистонни иқлимга чидамли иқтисодиётга ўтишда қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) ўртасида иккита лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Ҳужжатларга Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва ГИЗнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ёахим Фриц Самарқандда бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда имзо чекди.

Биринчи келишув 2024 йилнинг февралидан 2025 йилнинг июнигача амалга ошириладиган «Иқлимни муҳофаза қилиш стратегиялари бўйича сиёсий мулоқот ва билимларни бошқариш» (ДИАПОЛ-CЕ) лойиҳасини амалга оширишга бағишланган.

Маълумот учун, лойиҳа ҳамкор мамлакатларни иқлимга мос, барқарор ва экологик тоза иқтисодиётга ўтиш бўйича узоқ муддатли сенарий ва стратегияларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўзбекистонда лойиҳа иқлим ўзгаришининг қўриқланадиган ҳудудлар ва ботқоқликларга эҳтимолий салбий таъсирини ўрганиш учун Судоче кўллари тизимидаги иқлим хавфи таҳлилини қўллаб-қувватлайди.

ДИАПОЛ-CЕ лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидаги тадбирлар кўзда тутилган:

– сувли-ботқоқ ерларни сақлаш ва барқарор бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш;
– маҳаллий, миллий ва халқаро ташриф буюрувчиларни жалб қилиш учун экотуризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш;
– сувли-ботқоқли ерлар учун иқлим хавфи билан боғлиқ ҳолда

Судоче кўллари тизимининг имкониятларини ошириш.

Иккинчи келишув Марказий Осиёда иқлим ўзгариши соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган «Яшил Марказий Осиё II босқич» лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни назарда тутади.

Лойиҳанинг асосий мақсади лойиҳанинг биринчи босқичида ишлаб чиқилган ва минтақанинг барча давлатлари томонидан келишилган Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатиш бўйича Минтақавий дастурни амалга оширишдан иборат.

Ушбу лойиҳа доирасида 2028 йилгача атмосферага чиқариладиган иссиқхона газларини қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳаракатлар режасини янгилаш бўйича диалог учрашувлари, эксперт кўмаги ташкил этилади, шунингдек, қўшма Марказий Осиё сиёсий декларацияси, иқлим ўзгаришига дучор бўлган ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг заифлигини баҳолаш методологияси ва гендер нуқтаи назаридан иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ўқув модули каби ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan