
Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотини топширишнинг биринчи маросими Болшой театрида бўлиб ўтди. Мукофот Африка Иттифоқига топширилди. Маросим ёзувчининг туғилган кунига тўғри келди.
Лев Толстой тинчлик мукофоти 2022 йил июнь ойида таъсис этилган. Низомга кўра, мукофот тинчликни сақлашга қўшган ҳиссаси, учинчи жаҳон уруши хавфига қарши курашиш ва ядровий офатнинг олдини олишга қаратилган фаолиятдаги хизматлари, фаол тинчликпарвар фаолияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги кураши учун берилади.
Мукофотнинг биринчи ғолиби номини Мариинский ва Болшой театрлари бош директори Валерий Гергиев эълон қилди. Мукофотни Африка Иттифоқи комиссияси раиси Муса Факи Маҳамат қабул қилди.
«Ушбу нуфузли халқаро ассоциациянинг саъй-ҳаракатлари туфайли маҳаллий инқирозли вазиятларга жавоб бериш механизмлари яратилди, Африканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи минтақавий интеграция жараёни бошланди», деди Гергиев.
Африка Иттифоқи халқаро ҳукуматлараро ташкилоти 2002 йилда ташкил этилган. У Африка қитъасининг 55 та давлатини бирлаштиради ва Африка бирлиги ташкилотининг вориси ҳисобланади. Иттифоқнинг мақсадлари – Африка давлатлари ва халқларининг бирлигини мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, шунингдек, қитъанинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий интеграциясини жадаллаштириш.