Иқтисодиётда яширин ишлаб чиқариш ҳамда айланмаларнинг сақланиб қолиши тадбиркорлик ривожига ва соғлом рақобатни таъминлашга тўсиқ бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоят прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти вилоят бошқармаси ходимлари Термиз шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари иштирокида профилактик тадбирлар ўтказишди.

Хусусан, маиший техника буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада ўтказилган суҳбатлар давомида тадбиркорлик фаолиятида қонуний тартибда ишлашга оид маълумотлар берилди. Яширин иқтисодиёт адолатли рақобат ва ҳалол тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлмаслиги лозим.
Ишчи гуруҳ аъзолари музқаймоқ ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мослашган корхонада ҳам ўрганиш ишларини олиб боришди. Қонуний тартибда ишлаш-тадбиркорлик ривожи учун асос экани таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, яширин иқтисодиёт улуши қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юқорилигича қолмоқда. Департамент ходимлари мазкур йўналишларда ҳам профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиб келишмоқда.
Маълумотларда келтирилишича, вилоятда жорий йилнинг шу вақтига қадар бизнес вакилларининг 5 минг нафарга яқини тадбиркор сифатида давлат руйхатидан ўтказилган. Бунинг натижасида йил якунига кадар 33 млрд. сўм солиқлар ҳисобланиб, 2,5 млрд. сўм ундирилган. 17 минг 500 нафар кишининг бандлиги таъминланиб, бюджетга 40 млрд 566 млн. сум тушум қилишга эришилган. Шунингдек, 1 минг 103 та тадбиркорлик субъектларига назорат касса машинаси ва 680 та савдо терминали ўрнатилишига эришилган. Натижада ойлик тушум 32 млрд сўмга етказилган.