Uncategorized

Ўзбек тили борасида мулоҳазалар…

Чегаралар йўқолиб дунё яқин бўлган сари халқларнинг бир-бирини тушунишга бўлган интилиш кучайиши табиий ҳолдир. Бугун ўз тилини ривожлантириш учун ҳатто ривожланган давлатлар ҳам катта аҳамият ва моддий маънода маблағлар, ресурслар жорий қилмоқда. Поwер Лангуаге Индех яъни тилнинг даража кучи индекси деб номланувчи статистика системаси, ҳар бир тилнинг маълум критерияларга кўра дунё миқёсида тутган ўрнини ҳисоблаб чиқади.  2016-йили докторант Каи Л Чанънинг мақоласидан олинган маълумотларга кўра қуйидаги мезонлар тилнинг халқаро миқёсда кучлилигини белгилашда асос қилиб олинган:

  1. Географик жиҳатдан ёйилганлиги;
  2. Иқтисодий соҳадаги ўрни;
  3. Коммуникацион хусусияти;
  4. Илм-фан ва медиа соҳасидаги аҳамияти;
  5. Дипломатик муносабатлардаги ўрни.

Дунёда 6000 дан кўп тилда инсонлар гаплашишади, бироқ буларнинг 2000 дан кўпроғи мингдан ошмайдиган сўзлашувчисига эга. “Поwер Лангуаге Индех” 20 дан кўпроқ кўрсаткичларга таянган ҳолда 5 та асосий мезон асосида тил даражасини ва ўрнини ўлчайди. Илк ўнталикни санаб ўтай: инглиз тили, мандарин хитойчаси, франсуз тили, испан тили, араб тили, рус тили, немис тили, япон тили, португал тили, ҳинди тили (ёки ҳиндча) Ҳа, кўриб турганингиздек буларнинг кўпчилиги катта жуғрофий майдонга эга, бир қанчаси эса технология ва адабиётни ривожлантириш орқали курсига ўтирган, баъзилари эса аҳоли сони кўплиги билан кўзга ташланади.

Мени қизиқтирадиган томони биринчи ўнталик эмас. Мен бу ерда бизнинг тилимизнинг ўрни ҳақида баъзи мулоҳазаларимни ифода қилмоқчиман. Бу рейтингда турк тили 18-ўринда, қозоқ тили 34-ўринда, озарбайжон тили 53-ўринда, туркман тили 58-ўринда, уйғур тили 67-ўринда, ўзбек тили 71-ўринда, қирғиз тили 83-ўринда ер олмоқда. Бу статистика 2016- йилнинг май ойида олинган. У пайтда бизнинг аҳоли сонимиз кам эди. Ҳозир 33 миллиондан ошдик. Шеър, адабиёт ва кунлик суҳбатларимизни ўзбек тилида ифода қила оламиз, шукр. Кино сектори ҳам жуда яхши ривожланмоқда. Рус тилида гаплашувчи қўшиқчилар ҳам ўзбек тилида куйлашга мажбур бўлмоқда, акс ҳолда эстрада бозоридан бенасиб қолиши турган гап. Халқимиз қўшиқни, кинони ўз тилида кўришни яхши кўради. Бу эса ўз навбатида медиа секторида ўзбек тили заруриятини туғдиради. Нимага шу зарурият илм-фан тилида ҳам намоён бўлмайди? Нега атамалар ва янги тушунчалар устида бош қотириш ўрнига чет тиллардан кириб келган сўзларни осонгина ўзлаштириб қўямиз? Технологияни, интернет ёки маиший хизмат воситаларини олиб киришдан олдин, йўриқномаларни таржима қилдирмасдан бозорга киритяпмиз? Маҳсулотларни киритишдан олдин ўзбек тилида йўриқномаси борми, йўқми деб қараш, бу каби маҳсулотлар учун бошқа тилларда ёзилган йўриқномаларнинг ёнида она тилимизни ҳам қўшишимиз керак. Ким айтди, ўзбек тили адабиёти факултетини битирганлар фақат ўқитувчи бўлади деб? Жавобларни тахмин қилай: ўзбек тили билим тили бўлолмайди, чунки сўзлар ва атамалар етишмайди. Ишонинг бўлади. Ҳатто ўзбек тилидан кам имкониятга эга бўган тиллар ҳам бу борада кўп изланиш қилаётган бир даврда бизнинг бундай дейишимиз, осон йўлни танлашдан бошқа нарса эмас. Туркия расмий тили турк тили ҳам байналмилал сўзларни анчайин ўзлаштирган. Лекин маълум маънода, баъзи сўзларга муқобиллари ҳам ўйлаб топилган. Бу сўзларнинг баъзилари ўрнашиб улгурган, баъзилари икки шаклда ҳам ишлатилмоқда, баъзилари эса халқ томонидан умуман қабул қилинмаган. Бу мавзу туркиялик филологлар орасида ҳам тортишмага сабаб бўлаётган мавзулардан биридир.

Тилда янги терминология яратишда шеваларга мурожаат қилинади, менимча, бу унчалик ҳам нотўғри ёндашувмас, агар тилда байналмилал сўзларни ифодаловчи сўз топилмаса, эски обидалардаги ёки қўлёзмалардаги сўзлардан олиб ишлатишга ҳаракат қилинади. Турк тилидаги ҳосил қилинган янги сўзларнинг бир қанчаси хатоликлардан ҳоли эмас. Биздаги муаммо эса ўзбек тилидаги уч лаҳжа борлигида. Қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз лаҳжалари шунчалик аралашиб кетганки, бу ҳолатни қолган туркий тил оиласига мансуб тилларда унчалик кўрмаймиз. Баъзи тилшунсоларимиз бу қоришувни тилнинг стандартлашишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги мулоҳазаси билан стандарт тил яратиш фикрига ижобий қарамайдилар. Бу эса ўз навбатида, адабий тил ва сўзлашув тилининг бир-биридан узоқлашишига олиб келади. Aгар стандартлашган тил ёки адабий/илмий/технология тили яратадиган бўлсак, бу ҳолатда қуйидагича қадам босишимиз керак бўлади.

  1. Марказлашган бир институт ташкил қилиб олдин бошқа тиллар ва бошқа туркий тиллар тажрибасини ўрганиш керак бўлади.
  2. Ҳар хил фикрга эга бир қанча мутахассислар биргаликда иш олиб бориши керак бўлади.
  3. Қилинаётган ишларни акс эттирувчи интернет сайти ташкил қилиш ва бу сайтларда охирги янгиламаларни тинмасдан бериб бориш керак бўлади. Бу шаклда республиканинг ҳамма жойида сўзларни онлайн шаклда кўриб бориш мумкин бўлади.

Энг муҳим қисми, яъни татбиқ қисми, бу ўринда энг аввало, ўзбек тили ўқитувчилари, адабиётчилар, шоирлар, бошловчилар ва талабалар онгли равишда ўзлари хоҳлаб ўзбекча атама ва янги тушунчаларни ишлатишлари керак бўлади. Бу албатта, осон бўлмайди, балки йиллар, асрлар керак бўлар. Лекин тил бир мерос, уни тўғри ишлатиш, ислоҳ қилиш ва келажак наслга тўғри тилни етказиб бериш керак. Лекин шевларимизга ва тарих босқичларида ишлатилган эски сўзларга керакли ҳурматни кўрсатмайдиган бўлсак, юқорида айтган гапларим утопиядек қолиб кетаверади.

Маъмура Маматқулова

Истанбул университети докторанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan