ЖАМИЯТ

Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш учун инвесторларга субсидия ажратиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, вилоятда қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳудуддаги туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 апрелдаги 218-сон қарори ва “Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низоми тасдиқланди.

Бунда:

– 2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар Сурхондарё вилоятида инвесторлар томонидан янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджетидан бир марталик субсидия ажратилади;

– субсидия 2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган меҳмонхона учун унинг тоифаси ва хоналар сонидан қатъи назар ажратилади;

– субсидия Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаган, шунингдек, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаган инвесторларга ажратилади.

Шу ўринда, субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади:

– тоифасиз меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 15 млн сўм;

– 1 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 20 млн сўм;

– 2 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун —25 млн сўм;

– 3, 4 ёки 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сон қарорида белгиланган миқдорларда ажратилади.

Инвестор субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки Давлат хизматлари марказидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасига ариза билан мурожаат қилади.

Инвесторга тегишли кўчмас мулкка доир ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатлар қўмита томонидан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиб ўрганилади.

Қўмита ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида унинг мазкур Низомда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади. Аризани кўриб чиқишда қўшимча, шу жумладан, жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини ёзма шаклда ёки электрон ахборот тизими орқали хабардор қилган ҳолда, аризани кўриб чиқиш муддатини ўн иш кунигача узайтириши мумкин.

Субсидия бериш тўғрисидаги қарорда субсидия миқдори, меҳмонхона номи, юлдуз тоифаси (мавжуд бўлса) ва хоналар фонди, жойлашган жойи ва унинг кадастр рақами, субсидия олаётган инвестор (юридик шахс) номи ва СТИРи ҳамда тижорат банкидаги ҳисобварағи кўрсатилади.

Субсидия бериш тўғрисидаги қарор нусхаси қарор қабул қилинган кундан сўнг бир иш кунида қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилади.

Субсидия бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилади:

– аризада маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганлиги;

– ариза берувчи Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги, шунингдек, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаслиги ҳақидаги талабларга жавоб бермаслиги;

– меҳмонхона Сурхондарё вилояти ҳудудидан ташқарида жойлашганлиги.

Субсидия беришни ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи субсидия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб кўпи билан икки ой давомида қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши ҳамда уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кунида қайта кўриб чиқилади. Бунда субсидия беришни янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Панжиева Гулнора, Термиз туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan