
Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тадбиркорлар ўз фаолиятларини ихтиёрий равишда тугатишлари мумкин. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари давлат хизматлари марказига мурожаат қиладилар.
Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари, вакиллари ёки ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
тугатилаётган тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги маълумотлар;
тугатувчи ҳақидаги маълумотлар;
тугатилаётган тадбиркорлик субъекти бўйича мурожаатларни қабул қилиш жойи ва муддати;
тадбиркорлик субъектини тугатиш сабаби ва мўлжалланаётган тугатиш муддати.
Тугатувчи:
– ихтиёрий тугатишни амалга оширади ва тижорат ташкилотининг кредиторлари, муассислари ҳамда бошқа тегишли шахслар манфаатларига риоя этилишини таъминлайди;
– тижорат ташкилоти қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини белгиланган тартибда таъминлайди;
– ушбу Низомда ўз ваколатига киритилган масалаларни ҳал қилади, шунингдек, муассислар қарорига кўра берилган тақдирда бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
Тижорат ташкилотининг ер солиғи, ягона ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, барча турдаги солиқлар ва йиғимлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилади.
Тижорат ташкилоти фаолият юритган даври мобайнида солиқлардан қарзи мавжуд эмаслиги, қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, ҳисоб-рақамлари ёпилган ҳолатда бўлса, тизим томонидан автоматик равишда рўйхатдан ўтказувчи органга келиб тушади ва у тугатишга тайёр ҳолатга ўтади.
Бунда тугатувчи тижорат ташкилоти ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат ёки нодавлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани Давлат хизматлари марказига олиб келади ва марказ ходимлари томонидан тижорат ташкилоти давлат реэстридан чиқарилади.
Каршиева Феруза, Термиз туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази катта мутахассиси