«Қозоғистоннинг гўзаллиги билан фақат унинг амбициялари рақобатлаша олади» — Дуров Қозоғистонга ташрифи ҳақидаги таассуротларини мухлислари билан бўлишди

Telegram асосчиси Павел Дуров Қозоғистонга ташрифи ҳақидаги таассуротларини мухлислари билан бўлишди. Дуров ўзининг тегишли фикрлари ва суратларини Telegram каналида эълон қилди
“Яқинда Марказий Осиёнинг иқтисодий қудрати бўлган Қозоғистондан қайтдим. Муҳташам Остона, жўшқин Олмаота, хушманзара Бурабай ва гўзал Чорин канёнига ташриф буюрдим. Қозоғистоннинг гўзаллиги билан фақат унинг амбициялари рақобатлаша олади. Мамлакат бизнес учун қулай сиёсат ва солиқлар билан халқаро компаниялар ҳамда технологик стартапларни ўзига жалб қилади. Шунингдек, у инновацион мактаблар ва университетларни қўллаб-қувватлаш орқали таълим ва илм-фан соҳасидаги устунлигини оширади”, дейди Telegram асосчиси.
Дуровнинг таъкидлашича, 20 миллион қозоғистонликнинг 12,5 миллиони ҳозирда Telegram’дан фойдаланмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.
“Биз қозоқ халқи учун асосий мулоқот платформаси бўлиб хизмат қилишдан фахрланамиз ва унинг жадал иқтисодий ҳамда рақамли трансформациясини тезлаштирадиган восита бўлиб қолишга умид қиламиз”, дея хулоса қилди Дуров.