Трампга суиқасд: Байден фуқаролардан отишманинг сабаблари тўғрисида хулоса чиқаришга шошилмасликни сўради

АҚШ президенти Жо Байден ўз ватандошларини Доналд Трампни отиб ташлаган шахснинг сабаблари бўйича айблов ва хулосаларга шошилмасликка чақирди.
“Ҳаммани чақираман: илтимос, унинг сабаблари ёки сиёсий мансублиги ҳақида тахминлар қилманг. ФҚБ ва унинг ҳамкор агентликлари бу ишни қилсин”, деди Байден якшанба куни ўтказилган брифингда.
Трамп лагеридаги кўплаб республикачилар суиқасддан сўнг бунга Трампнинг Демократик партиядан бўлган рақиблари томонидан яратилган умумий муҳит сабаб бўлганини, барча ҳолатларда собиқ президентни айблаганини айтишди.
Америка матбуотининг ёзишича, Трамп ва унинг сайловолди митинги иштирокчиларига қарата ўқ узган 20 ёшли Томас Крукс расман Республикачилар партияси тарафдори сифатида рўйхатга олинган.
Жо Байден брифингда Трампнинг хавфсизлиги кучайтирилишини, шунингдек, душанба кунидан бошлаб Трамп президентликка номзод сифатида расман кўрсатиладиган Республикачилар партияси митинги хавфсизлиги ҳам кучайтирилишини айтди.
«Мен Махфий хизмат раҳбарига барча хавфсизлик чораларини кўриб чиқишни топширдим», деди Байден.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Пенсилваниядаги сайловолди ташвиқоти митингида Трамп ва унинг тарафдорларига суиқасд бўйича мустақил тергов ўтказишга буйруқ берганини маълум қилди.