Малайзия компанияси Ўзбекистонда олтинни қайта ишлаш ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг «Public Gold Group» компанияси қароргоҳига ташриф буюрди ҳамда компания асосчиси ва бош директори Луис Чун Хау билан учрашув ўтказди
Мулоқот чоғида Чин Хау малайзия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган олтин маҳсулотлари шоу-руми, ноодатий дизайнларда ишланган заргарлик буюмлари намуналари билан таништирди ҳамда компания ривожланиш тарихи, фаолият турлари тўғрисида тақдимот қилди.
Малайзия томонига Ўзбекистонда қулай бизнес муҳити шаклланганлиги, жумладан хорижий инвесторлар учун яратилган қатор имтиёзлар, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият мавжудлиги, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан махсус заргарлик зоналари ташкил этилаётгани тўғрисида маълумот берилди.
Малай компанияси тажрибасидан келиб чиқиб, хориж томон билан Ўзбекистонда олтин қазиб олиш бўйича геология қидирув ишларида иштирок этиш, олтиндан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.
Шунингдек, Чин Хау Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида компания ўз брэнди остида олтин ва қимматбаҳо металл буюмлари савдо нуқталарини барпо этиш тўғрисидаги таклиф катта қизиқиш уйғотаётганлигини маълум қилди.
Учрашувда келгуси ойда компания раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди.
«Public Gold Group» компаниясига 2008 йилда Луис Чун Хау томонидан асос солинган. Ҳозирда компаниялар гуруҳи олтин ишлаб чиқариш, қимматбаҳо металл савдо марказлари, олтинни қайта ишлаш ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, олтин қуймаларни зарб этиш, электрон тижорат, туризм, жамғарма, микромолия хизматлари соҳасида фаолият кўрсатувчи 9 та компанияни ўз ичига олади.